20:38 / 02.11.2021
8496

Бокс. Лазизбек Мулложонов арманистонлик боксчига мағлуб бўлиб, медалдан қуруқ қолди 

Сербияда давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Лазизбек Мулложонов чоракфинал жангини ўтказди.

Фото: ЎБФ

+92 кг вазнли боксчимиз 1/4 финалдаги жангини арманистонлик Давид Чалоянга қарши ўтказиб, учинчи жангида 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Натижада, у бугун яримфиналга чиқа олмаган ўзбекистонлик 3-боксчига айланди.

Бунгача, вакилларимиздан -60 кг вазнли боксчимиз Абдумалик Халаков 1/4 финалда россиялик Всеволод Шумковни мағлуб этиб, яримфиналга чиққан ва дастлабки медални нақд қилганди. 

Аввалроқ, -48 кг вазнли боксчи Нодиржон Мирзаҳмедов чоракфиналда қозоғистонлик Темиртас Жуссуповга имкониятни бой бериб қўйган бўлса, -75 кг вазн тоифасидаги Саиджамшид Жафаров эса таиландлик Випарон Жонгжохога мағлуб бўлиб, турнирни тарк этганди. 

Маълумот учун, бугун, 2 ноябрь куни яна 2 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга кўтарилади:

  • -63,5 кг: Мужибилло Турсунов - Энди Круз (Куба) (22:55 дан сўнг)
  • -92 кг: Мадияр Саидраҳимов - Льюис Уильямс (Англия) (00:40 дан сўнг).
Top