18:25 / 02.11.2021
3796

«Журналистлар ўлимига доир ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотиллар жазосиз қолган» - БМТ

2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 1200 дан ортиқ журналист турли сабабларга кўра ўлдирилган.

Фото: Getty Images

Журналистика – дунёдаги энг хавфли касблардан. Бу касб эгалари таҳдидлар, цензура, жисмоний ҳужум ва руҳий босимларга доимий учраб келишади.

Уларга қарши уюштирилган жиноятларнинг жазосиз қолиши эса сўз эркинлиги ва фуқароларнинг ахборотдан фойдаланишини кафолатлашдаги энг долзарб масалаларидан биридир.

2006 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 1200 дан ортиқ журналист янгиликлар тарқатгани ва жамоатчиликка маълумот етказгани учун ўлдирилган.

UNESKO’нинг ўлдирилган журналистлар бўйича кузатув маълумотларига кўра, ҳар ўн ҳолатдан тўққизтасида қотиллар жазосиз қолмоқда. Бу эса янада кўпроқ қотилликларга олиб келади ҳамда кўпинча зиддиятнинг кучайиши, қонун ва суд тизимларининг бузилиш аломати ҳисобланади.

Суиқасдлар оммавий ахборот воситалари цензурасининг энг экстремал шакли бўлса-да, журналистлар бошқа сон-саноқсиз таҳдидларга дучор бўлишади: ўғирлаш, қийноқлар ва, айниқса, рақамли соҳадаги таъқиблар.

Бу омиллар эса оммавий ахборот воситалари ходимлари учун қўрқув муҳитини яратиб, барча фуқаролар учун ахборот, фикр ва ғояларнинг эркин айланишига тўсқинлик қилмоқда.

Сўровномада қатнашган журналист аёлларнинг 73 фоизи ўз фаолияти билан боғлиқ равишда интернет орқали таҳдид, қўрқитиш ва ҳақоратга учраганини маълум қилишган.

Кўп ҳолларда журналистларга нисбатан зўравонлик ва таҳдидлар етарлича текширилмайди. Бундай ҳолат жиноят содир этган шахсларга руҳ бағишласа, жамиятга, хусусан, журналистларнинг ўзига салбий таъсир кўрсатади. Айбдорларнинг жазосиз қолиши эса инсон ҳуқуқларининг жиддий равишда бузилиши, коррупция ва жиноятчиликнинг яширилиши ҳисобига бутун жамиятга катта зарар етказади.

«Мен БМТга аъзо давлатлар ва халқаро ҳамжамиятни бугун ва ҳар куни бутун дунё бўйлаб журналистлар билан бирдам бўлишга, уларга қарши жиноятларни қонуннинг тўлиқ кучи билан текшириш ва зарур бўлган сиёсий иродани намойиш этишга чақираман», дея таъкидлади БМТ бош котиби Антонио Гутерриш.

Статистик маълумотлар:

  • Журналистларнинг ўлдирилиши 2016-2020 йилларда аввалги 5 йиллик даврга (2011-2015) нисбатан 20 фоизга камайган;
  • 2021 йилда тўпланган маълумотларга кўра, 87 фоиз ҳолатда журналистларга нисбатан ишлатилган қонунбузарликлар жазосиз қолган. Бу аввалги йилларга нисбатан юқори кўрсаткичдир;
  • «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти томонидан ўтказилган сўнгги тадқиқотга кўра, 2011-2020 йилларда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасининг тўртта давлатида ўлдирилган 139 журналистнинг 41 фоизи ўлимидан аввал ҳам турли таҳдидларга дучор бўлган.
  • Ҳалок бўлган журналистларнинг аксарияти ўз мамлакатида ўлдирилган. 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда ҳалок бўлган 400 нафар журналистнинг 22 нафари (6 фоиз) хорижда ўлдирилган.
Top