18:08 / 02.11.2021
18816

Нарх, муддат ва хизмат сифати — суюлтирилган газ бўйича аҳолини қийнаётган саволлар юзасидан масъул билан интервью

Ноябр кириб келди. Ўзбекистонда аста-секин қиш яқинлашмоқда. Ўзбекистон қишлоқларида бу фаслни кўпда ёқтиришавермайди. Чунки табиий газдан мосуво одамлар бу фаслда совиб кетган уйларни иситиш, бунинг учун ўтин топиш, кўмир сотиб олиш каби оғир муаммолар билан тўқнашади. Яхшиямки, чой, овқат учун газ баллондаги суюлтирилган газ бор. Аммо бу борада ҳам муаммолар йўқ эмас...

Kun.uz мухбири суюлтирилган газ етказиб бериш борасида аҳолидан келаётган савол ва мурожаатлар юзасидан “Hududgazta’minot” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳиржон Турдиев билан интервью уюштирди.

— Дастлаб аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизими ҳақида гаплашсак. Хўш, бу тизим қайдан келиб, қай томонга кетмоқда?

— Бугунги кунда Ўзбекистондаги 3 млн 600 мингдан ортиқ хонадон имтиёзли нархда суюлтирилган газ билан таъминлаб келинмоқда.

Бугунги кунда Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида 4та суюлтирилган газ ишлаб чиқарувчи корхона бор. Бу корхоналар узлуксиз равишда ишлаб, кунига 2 минг тонна ва ойига 50 минг тоннадан ортиқроқ суюлтирилган газларни жойларга етказиб беради.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш уч босқичли жараёндан иборат. Бу заводлардан юклаб олиш, уни сақлаш ва тарқатиш ҳамда аҳолига етказиб бериш.

“Hududgazta’minot” АЖ иш бошлагунга қадар суюлтирилган газ аҳолига рўйхат (ведомост) асосида етказиб бериларди. Бу жараёнда кимга қанча газ бораётганини билишнинг имкони бўлмаган. Коррупция ҳолатлари ҳам кўп эди.

Эндиликда суюлтирилган газ етказиб бериш жараёни автоматлаштирилган тизимга ўтказилди. Ҳозир 3 млн 600 мингдан ортиқ хонадонга ID карталар тарқатилган ва аҳоли вакиллари нақд пул савдосисиз газ сотиб олмоқда.

Биз ҳозирда ҳар бир хонадон олаётган газ миқдори ва муддатини кўриб тура оламиз.

Бу жараёнда шаффофликни ошириш учун биз газ баллонларга ёпиштириладиган стикерларни ҳам жорий қилдик. Бу стикер орқали газ баллонлари кимга ва қачон борганини ҳам кўриб туриш мумкин.

Бу тизимда ўзгаришлар даври бошланишидан аввал аҳолига газ баллон етказиб бериш муддати 2-3 ойгача чўзилиб кетарди. Биз эса бу жараённи 40-45 кунгача туширишга эришдик.

— Сиз бу муддатни 40-45 кунгача туширдик деяпсиз, лекин бизга келаётган мурожаатларга кўра, аҳолига газ етказиб бериш муддати ҳамон 2-3 ойни ташкил қилади. Нега бу борада истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоя қилинмайди?

“Hududgazta’minot” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳиржон Турдиев

— Ўзимизга ҳам кунига 10-11та мурожаат келиб тушади. Уларни албатта таҳлил қилиб борамиз. Уларнинг айримларида кўринадики, баъзи ҳолатларда аҳоли вакилларига суюлтирилган газ етиб бормайди. Биз бунинг олдини олиш учун алоҳида дастур ташкил қилдик. Дастур бизга 3 млн 600 минг хонадон орасида газ етиб бориши 45 кундан ўтиб кетганини кўрсатиб беради. Газ етказиб бериш шу муддатдан ўтиб кетдими, бизга сигнал келади. Бундан буён газ етказиб бериш муддати 45 кундан ўтмайди.

— Лекин кўплаб хонадонлар учун 45 кун ҳам жуда кўп муддат. Чунки хонадонларга 3 маҳал иссиқ овқат пиширилади, чой ва бошқа эҳтиёжлар учун сув қайнатилади.

— Ҳа. Шундай хонадонлар бор, улар берилган газни бир ой ишлатади. Яна айримлари 2 ой ишлатади. Биз буни таҳлил қилганмиз. Унга кўра, биз берган картадан бир ойда бир марта 22 минг 400 сўмдан пул ечилади. Одамлар буюртма берса газ етказиб берилади. Одамлар қўрқмаслиги керак. Бизнинг маълумотлар маркази ишлаб туради. Қандайдир муаммо бўлса, қўнғироқ қилиб боғланишлари мумкин.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Унда суюлтирилган газ етказиб берилиши бўйича истеъмолчиларнинг белгиланган ҳуқуқлари ҳақида ҳам сўз боради.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top