Суюлтирилган газ баллонларига штрих-кодли стикерлар ёпиштирилмоқда, албатта, уларнинг ҳисобини тўғри юритиш учун. Истеъмолчилар эса бугунга келиб газ учун тўловни нақд пулларсиз, ID-карта воситасида амалга оширишмоқда.
Соҳадаги бу янгилик бугун қандай ишлаётгани билан танишиб, айрим саволларга жавоблар олишга ҳаракат қилишга қарор қилдик.

Маълумки, табиий газ узатиш имконсиз бўлган узоқ ҳудудларга суюлтирилган газ баллонлари етказилади. Тан олиш керак, яқин-яқингача газ баллонларини етказиб бериш билан боғлиқ эътирозлар аҳоли томонидан тез-тез билдириб турилар эди.
Эътирозлар асосан газ учун белгиланган тўловдан ортиқча ҳақ олинаётгани, газ баллонларига белгиланганидан камроқ газ қуйиб берилаётгани, газ таъминоти ўз вақтида амалга оширилмаётгани, маҳаллада 4–5 талаб газ баллони бўлган оилалар уларни бирваракайига алмаштириб, бошқаларга газ етмай қолаётгани хусусида бўлар эди.
Энди соҳани модернизация қилиш натижасида газ баллонларини аҳолига етказиб бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Биз Қўшработ туманида 2020 йилда янгидан барпо этилган газ тўлдириш шохобчасида бўлиб, ишлар қандай ташкил қилингани билан танишдик. Бу ердан Қўшработ тумани халқига тўлиқ, шунингдек Иштихон туманининг яқин аҳоли пунктларига газ ташилар экан.

«Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали суюлтирилган газ сотишни мувофиқлаштириш бўлими етакчи муҳандиси Акбар Жаванов шундай деди:
«Филиалимиз томонидан 498 минг 780 та суюлтирилган газ истеъмолчиларига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг 498 минг 397 таси аҳоли истеъмолчилари, 397 таси ижтимоий соҳа объектлари ҳисобланади. Филиалимиз тасарруфида 8 та газ тўлдириш шохобчаси бор. Уларнинг иккитаси хусусий бўлиб, улардан ижара шартномаси асосида фойдаланиб келмоқдамиз», – деди А.Жаванов.

Шохобчада баллонларга газ тўлдириш жараёнида ҳар бир газ баллонида белгиланган меъёрда, ўлчанган ҳолда 20 килограмм газ солинаётганини кўрдик.






















