17:20 / 02.11.2021
6709

Қийинчиликларни ўз меҳнати билан енгиб ўтган сирдарёлик матонатли аёл ҳақида ҳикоя

Боёвут туманининг Сармич маҳалласида истиқомат қилувчи Замира Муқимова ёлғиз боши билан карантин чоғида қандай қийинчиликларни кўрганини ҳикоя қилиб берди. Уч нафар фарзандини тарбиялаб келаётган аёл турмушидан нолимайди.

У пандемия даврида рўзғор тебратишга қийналиб қолгани учун Боёвут тумани ҳокимлиги томонидан «темир» ва «аёллар» дафтарига киритилган бўлса-да, ҳокимлик ва маҳалла томонидан бериладиган ёрдам пулларидан воз кечган. Аёл бу қарорини маҳаллада ўзидан-да қийин шароитда яшаб келаётган инсонлар борлиги билан изоҳлаб, ёрдам пули ўшаларга берилишини сўраган.

Фото: Kun.uz

«Қайнонам оламдан ўтганларидан сўнг ҳаётимда қийинчилик кунлари бошланган. Шаҳарга бориб официантлик қилдим. Болаларимга одамлардан қолган бурда нонларни териб келиб едирган кунларим бўлди. Кунлик 18 минг сўм учун ишладим. Карантин туфайли ҳаммаёқ ёпилганидан сўнг далаларда кунбай тарзда 20-25 минг сўм учун ишладим. Бу маблағни рўзғорга, фарзандларимни кийим-кечагига, коммунал тўловларга амаллаб етказдим. Йўл ҳақини тежай деб узоқ бўлса ҳам пиёда бориб келардим. Фарзандларимни катта қилгунимча кўп қийналдим», дейди Замира Муқимова.

Қаҳрамонимиз ҳаётда сабр ва матонат билан, борига қаноат қилиб яшашни, доим олдинга ҳаракат қилиш лозимлигини ўз олдига шиор қилиб олган. Ҳаёт йўлларида бир неча бор қоқилишига қарамасдан, ҳар сафар ўрнидан тура олган. Ўз ихтиёри билан «аёллар дафтари»дан чиққан.

Пандемия даврида кам таъминланганлар учун бериладиган имтиёзли маблағлардан фойдаланиб, ўз хонадонида оилавий болалар боғчасини йўлга қўйган. Ҳозирда бу ерда 25 нафар болани тарбиялаб келмоқда.

«Фарзандларимнинг оёқ кийими ҳам йўқ эди. Пойафзални эрталаб бир фарзандим мактабга кийиб кетса, келганидан кейин бошқа болам кийиб бориб келган. Лекин бировга нолимадим.

Ўша даврлардан фақатгина сабр қилиб ўтдим. Тақдиримда шундай синовлар бор экан, мен бундан миннатдорман. Фарзандларим соғ-омонлиги менга бахт. Кўрган қийинчиликларим болаларимнинг соғлиги олдида ҳеч нарса эмас. Инсон ҳалол бўлса, мақсад сари интилса барибир эришар экан», — дейди Замира Муқимова.

Замира Муқимова келгусида оилавий боғча фаолиятини кенгайтиришни, олий маълумотли бўла туриб, фарзандининг ногирон бўлгани учун ишга чиқа олмаётган ота-оналар учун имконияти чекланган болалар боғчаси очишни режа қилган. Бир марта бўлса-да президент билан учрашиб, ўзининг режалари билан ўртоқлашиш, бироз бўлсада суҳбат қуриш – унинг ҳаётдаги энг катта орзуси.

Шуҳрат Юнусов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов.

Top