Ўзбекистон | 09:56 / 22.06.2022
11593
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда туман қишлоқ хўжалиги бўлими етакчиси ўз кабинетида жонига қасд қилди

Ходим онлайн қимор сабабли жонига қасд қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Боёвут туманида ташкилот ходими онлайн қимор қурбони бўлганлиги айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, Боёвут тумани қишлоқ хўжалиги бўлими етакчи мутахассиси вазифасида ишлаб келган Т.Б. 2022 йил 13 июн куни ўзи ишлаб келган туман қишлоқ хўжалиги бўлими маъмурий биносининг иккинчи қаватидаги бўш хонасида, иши билан боғлиқ бўлмаган ва ҳозирда аниқлик киритилаётган шахсий муаммолари сабабли хона эшигининг тўсинига сиртмоқ билан бўйин қисмидан осиб, ўз жонига қасд қилган.

Ҳодиса жойи Боёвут тумани прокурори, туман ИИБ бошлиғи, туман ИИБ тезкор-тергов гуруҳи аъзолари ва туман прокуратураси терговчиси томонидан кўздан кечирилиб, баённома расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сурхондарёда  «Халқ банки» Узун филиали сайёр кассири 278 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини сохта имзо қўйиб ўзлаштирган ва пулларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинига тикиб юборганди.

Мавзуга оид