14:20 / 04.11.2021
4422

Ўзбекистон илм-фанни ривожлантириш учун Жаҳон банкидан 50 млн доллар қарз олмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу маблағ нималарга сарфланиши ҳақида Kun.uz'га маълумот берди.

Фото: Getty Images

Инновацион ривожланиш вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошираётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, 5 йил давомида олимларга илм-фанга оид лойиҳалар учун маблағлар тақдим этилади.

“Олимларга кредит эмас, беғараз грантлар берилади”

Лойиҳа грант бошқарувчиси Темур Ҳикматуллаевнинг айтишича, Ўзбекистон илм-фанига бу қадар йирик маблағ хорижий банк томонидан биринчи марта ажратилмоқда. 5 йил давомида ўзлаштириладиган 50 млн доллар қарз келгусида давлат бюджетидан қайтарилади.

“2021 йил 17 май куни Ўзбекистон Республикаси ва Жаҳон банки ўртасида молиявий битим имзоланди. Унга кўра, бу маблағлар 2022-2026 йилларда ўзлаштирилади.

Олимларга кредит эмас, беғараз грантлар берилади. Бунда фақатгина халқаро эксперт кенгаши томонидан шаффоф сараланган ва тавсия этилган лойиҳалар молиялаштирилади.

Лойиҳаларнинг мавзусига чеклов қўйилмаган, яъни илм-фаннинг исталган йўналишида таклиф билдириш мумкин. Бироқ бу халқаро лойиҳа бўлгани учун Жаҳон банки томонидан қайта тикланадиган энергия манбалари, иқтисодий ва жамиятдаги муаммоларни ҳал қиладиган, хусусан, Covid-19'га қарши курашиш масалаларига оид лойиҳалар кўпроқ қўллаб-қувватланади”, деди масъул.

50 млн доллар қандай тақсимланади?

Вазирлик матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, маблағлар бир неча йўналишларга грант сифатида ажратилади.

Хусусан, қарийб 10 млн доллар республикада илмий тадқиқот сифатини ошириш дастури учун берилади. Бунда ёш олимлар илмий тадқиқотларини молиялаштиришга 200 минг долларгача, катта илмий ходимлар учун 600 минг долларгача грант маблағлар йўналтирилади.

Хабар қилинишича, лойиҳалар танлов асосида сараланади ва айни пайтда ушбу танлов бошланган. Унда иштирок этиш учун илм-фаннинг барча соҳалари бўйича таклифлар билдирилиши мумкин.

Яна бир дастур – илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик ишланмаларига бизнес-инвестиция. Бунинг учун ҳам 10 млн доллар ажратилади.

Қайд этилишича, ҳар бир лойиҳани молиялаштириш миқдори 300 минг доллардан 600 минг долларгача.

Шу билан бирга, инновацион салоҳиятни ривожлантириш дастурига 10 млн доллар йўналтирилади. Мазкур йўналиш орқали илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида хусусий ишлаб чиқариш корхоналарига сифат сертификатлари ва кичик ҳажмли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари учун 50 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилади. Лаборатория ва синов ускуналари харид қилинади.

Илмий тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш дастурига 4 млн доллар берилади. Бу йўналишда ҳар бир лойиҳа учун 75 мингдан 150 минг долларгача грант ажратилади. Шунингдек, илмий ташкилотларни модернизация қилиш учун 6 млн доллар йўналтирилади.

Қолган маблағлар илм-фан, технология, инновация соҳаларидаги сиёсатни ишлаб чиқиш ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган стратегик лойиҳаларга, консультант ва консалтинг компанияларни жалб этиш ишларига ажратилади.

Маълумот учун, 2021 йилда Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий фаолиятга оид давлат дастурларини амалга ошириш учун 514,2 млрд сўм ажратилиши белгиланган.

Top