10:32 / 07.11.2021
14128

«Фарзанд муваффақиятга эришишини хоҳласак, унинг онаси яхши ўқиган бўлиши керак» — Шерматов

Вазир Ўзбекистонда аёлларнинг таълим олишдаги муаммолари ҳақида гапирди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Менинг юртим» телеканалига берган интервьюсида аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли илм олиши жамиятга нима бериши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Бу жамиятимизга фақат фойда келтиради. Мактабларимизда ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам бир хил ҳуқуқда ўқишига эътибор берамиз. Китоблар чиқарилаётганда ҳам эътибор берсангиз қиз бола, ўғил бола расми қўйилади. Фақат ўғил бола расми қўйилиб, қизлар четда қолиб кетмайди.

Қизларни ўқитишнинг жамиятга фойдаси жуда кўп. Ҳаётда мана бу қиз ўз жонига қасд қилибди ёки оилада зўравонликка учрабди каби бошқа хабарларни эшитиб қоламиз. Буларнинг таги, ҳаммаси – билимсизликдан. Эртага оилавий можаро бўлиши ҳам, қизнинг чиқолмайдиган боши берк кўчага кириб қолиши ҳам, бошқа нарсаларнинг олдини оладиган нарса – илм, таълим.

Тан олишимиз керак, фарзанд тарбиясига кўпроқ она қарайди. Фарзандимиз келажакда муваффақиятга эришишини хоҳлайдиган бўлсак, албатта унинг онаси яхши ўқиган бўлиши керак. Онанинг ўзи билимли бўлмаса, фарзанди билан қандай қилиб уй вазифаларини бажаради? Боласини келажакда олий таълимга киришига қандай қилиб тайёрлайди? Боласи билан каттароқ мақсадлар қўйишга қандай қилиб ҳаракат қилади?» - деди Шерматов.

Вазир ахборот технологиялари соҳаси қизлар учун кенг имкониятлар беришини айтиб ўтди.

«Ахборот технология соҳасига, афсуски, қизларимиз кам топширарди. Аслида бу соҳа қизларга кўпроқ имконият очади. Ўзимиз туғилиб ўсган Эски шаҳарда туғилган аёл бўлган тақдирда ҳам уйда ўтириб бемалол аутсорсингга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Турмуш қурганидан кейин ҳам уй бекаси бўламан, ўз умрини кўпроқ фарзанд тарбиясига бағишлайман, кўчага чиқиб ишламайман, деган тақдирда ҳам уйда ўтириб, оила учун қўшимча даромад топаверади. Бундан ташқари, эртага фарзанддарини ҳам шу йўналишга ўргатишга ўз ҳиссасини қўша олади», - деди у.

Шерзод Шерматов жамиятнинг тўйлар борасидаги дунёқарашини ўзгартириш кераклиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.

«Ўзимизнинг қайсидир одатларимизни секин-секин тўғрилашимиз керак. Масалан, бутун умр фақат тўй учун яшаш керак эмас. Аксарият одамларимиз бутун умр тўй учун яшайди. Йиғганини бир ҳафталик тўйда сочвориши керак [деб ҳисоблайди]. Қиз узатишда ҳам бутун умр йиққанини қизга сарпо қилиш, ош бериш билан «йўқ қилиб юборади». Эртага у қиз ажрашиб келади – бу кейинги масала.

Бундай олиб қаралса, бу ҳам сармоя. Неча минг долларлик тўй қилади, энг казо-казо артистларни айтади. Бу жуда қиммат туради. Тўйни катта қилиб, ҳаммага едириб-ичириб, эртага боласи илмсиз бўлиб қолганидан нима фойда? Шунинг учун бутун жамият дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Энг яхши мерос бу – берилган таълим-тарбия. Бошқа меросларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Ёш оилада кўп жанжаллар нимадан чиқади? Рўзғордаги етишмовчиликдан чиқади», - деди вазир.

У олий таълимда контракт асосида ўқишга кирган қизларни ҳам ўқитиш кераклиги, бунинг учун давлат томонидан берилаётган имкониятларга тўхталди.

«Қизларимиз контрактга кириб қолганидан кейин баъзи ота-оналар контрактга кирган қизимни узатишим қийин бўлади, деб ўйлайди. Эртага совчи келиб ўйлайди, ҳали буни контрактини ҳам тўлайманми, деб. Қизи контрактга кирса, ўқитмайдиган ота-оналар бор. Афсуски, бунинг ортидан қанчадан қанча ақлли қизларимиз контрактга кирган бўлса ҳам ўқий олмай қолганлари бор.

Президентимиз қизлар учун алоҳида грант ажратганлари тагида мана шу маъно ётибди. Совчиликка борган одамлардан ҳам бундай дунёқарашни чиқариш керак: қиз бола контрактда ўқиётган бўлса, уни олмаслик – нотўғри нарса», - деди Шерматов.

Top