14:01 / 10.11.2021
3954

Чироқчида коронавирус юқтирган беморларни даволаган тиббиёт ходимларига рағбат пуллари берилмагани айтилди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси “COVID-19” махсус поликлиникаси ходимларининг рағбат тўловлари тўлаб берилмаётганлиги ҳақида ахабарлар тарқалди. Хабар юзасидан вилоят ССБ муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом қабул қилинган.

Низомга кўра, тадбирларга жалб қилинган ходимлар рўйхати шакллантирилган табеллар тегишли муассаса ҳамда ташкилот раҳбарлари буйруғи билан тасдиқланган ҳолда дастлаб вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармасига, кейин ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига тақдим этилади.

Аниқланишича, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган коронавирус билан касалланган беморларни даволаш жараёнида иштирок этган тиббиёт ходимларига тасдиқланган тегишли рўйхат асосида улар ишлаган давр учун ойлик лавозим маошига қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари ҳисоб-китоб ҳужжатларини тайёрлаш туман ТТБ ҳамда вилоят СЭО ва ЖСХ бошқармаси масъуллари томонидан кечиктириб юборилган. Натижада бу ҳужжатлар 2021 йил 1 ноябрда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига етиб келган.

Шундан сўнг мазкур ҳужжатларни белгиланган тартиблар асосида ўрганиб чиқиш, таҳлил қилиш, рўйхатлар махсус штаб мутасаддилари томонидан солиштирилган. 2021 йил 8 ноябрь куни бу жараён якунланиб, ҳужжатлар тасдиқланган ва тўловни ташкил этиш бўйича зарур чоралар белгиланган.

Ҳисоб-китоб ҳужжатлари тайёрлашни кечиктирган мутасаддиларга нисбатан интизомий чора кўрилган.

«Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси айрим тиббиёт ходимларининг ўтган йилги рағбатлантириш тўловлари ҳақидаги мурожаатлари бўйича қўшимча ўрганишлар давом этмоқда», дейилади муносабатда.

Top