14:36 / 11.11.2021
28403

Бошқарувчи вазир. Янги соғлиқни сақлаш вазиридан тизимда қандай ўзгаришлар кутиш мумкин?

Мутахассислигига кўра иқтисодчи бўлган Беҳзод Мусаев Ўзбекистоннинг янги соғлиқни сақлаш вазирига айланди. Бу билан маълум соҳадаги яхши мутахассисни раҳбарлик лавозимига ўтказиб қўйиш билан боғлиқ советлар давридан қолган анъанадан чекиниш бўйича навбатдаги қадам ташланди ва соҳани бошқаришда биринчи галда бошқарувчилик қобилияти муҳим эканига эътибор қаратилди.

Фото: Kun.uz

2020 йилда ҳам Беҳзод Мусаевга айни шу вазифа юклатилганди. Лекин ўшанда у инқироз давридаги менежер сифатида вақтинча тайинланган ва кейинчалик Абдуҳаким Ҳожибоев доимий асосда вазир бўлганди.

Аммо бу сафар ҳаммаси жиддий – Беҳзод Мусаев расман cоғлиқни сақлаш вазири сифатида иш бошламоқда. У бу тизим раҳбарлигига тайинланган Ўзбекистон тарихидаги илк шифокор бўлмаган мутахассисдир. Бунгача вазирликни турли йилларда бошқарган олти киши ҳам шу соҳадан чиққанди.

Энди кўпчиликни бир савол қизиқтиряпти: қандай қилиб иқтисодчи шифокор ўрнини эгаллаши, тиббиёт тизимига бош раҳбар бўлиши мумкин?

Аслида бу жуда кам учрайдиган ҳолат эмас, жаҳон тажрибасида бундай мисолларни кўплаб учратиш мумкин. Масалан? Буюк Британияда сиёсатшунос Мэттью Ҳэнкок, Германияда сиёсатшунос ва санъатшунос Йенс Шпан соғлиқни сақлаш тизимига раҳбарлик қилади. Умуман, замонавий дунё тизимни фақат соҳа вакили эмас, уста менежер бошқаришини талаб қилади.

Ўйловларда ҳам асослар бор, вазир касалликлар турлари, даволаш усулларидан бехабар бўлиши катта камчиликка айланиши мумкин. Лекин ҳар қандай вазирнинг ҳам турли йўналишлардаги ўринбосарлари бўлади. Вазир эса умуман тизимни инқироздан олиб чиқиш ҳамда янада ривожлантириш тўғрисида бош қотириши мақсадга мувофиқ.

Беҳзод Мусаевда бу борада қатор устунликлар бор:

  1. У бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари бўлган ва муаммоларни фақат тиббий жиҳатдан эмас, комплекс тарзда кўришни ўрганган. Демак, ечимларни ҳам бир йўналишда изламай, бутун жараён бўйича қўллай олади;
  2. Пул қаердан топилиши ва қандай ишлатилиши зарурлиги бўйича катта тажрибага эга. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган триллионлаб пулларнинг манбаси, сарфланиши ва ундан келадиган натижани таҳлил ҳамда назорат қила олади;
  3. Ёш. Соҳа бу қадар ёш кадрни эслай олмайди ҳатто. Вазир албатта профессор бўлиши керак, катта клиник тажриба тўплаши лозим, деган асрий ақида ва ниҳоят аҳамиятини йўқотмоқда. «70+» вазирлар анъанасига чек қўйилиши Беҳзод Мусаевга устунлик бериш билан бирга масъулият ҳам юклайди;
  4. Беҳзод Мусаев қатор масъулиятли лавозимларда ишласа-да, қаттиққўллик, талабчанликни «ўзимизга хос сўкишларсиз амалга ошириб бўлмайди» деган тушунча асосида иш кўрмайди. Ҳамиша маданият билан сўзлашиши, муаммоларни эшита олиши ва таклифларни диққат билан тинглаши эътиборга лойиқ. Ҳарқалай сўкингани оммага ошкор бўлмаган кам сонли раҳбарлардан бири;
  5. Ва ниҳоят Беҳзод Мусаев хорижий тажрибага эга биринчи раҳбар. Унинг чет элдаги фаолиятига оид маълумотлар ошкор қилинмаган, лекин шундай давр борлигини кўпчилик билади. Ривожланган давлатлар амалиёти эса асл инқирозни бошдан кечираётган тиббиёт тизими учун айни пайтда ниҳоятда зарур бўлиб турибди.

Бу устунликлар Мусаевнинг олдидан чиқадиган тоғдек муаммоларни ечишга қўл келадими, йўқми, вақт кўрсатади. Пандемия ҳали чекинмади, бюджет доимий равишда бу муаммога катта маблағ ажратилишини кўтара олмай қолиши ҳеч гап эмас.

«Шифокорлар маош озлигидан пора олади, давлат улар пора олиши туфайли кам маош беради» деган иллатли доирани кимдир қачондир парчалаши зарур. Ҳар икки томон бир-бирини айблаб, жабрини халқ кўриши абадий давом этиши мумкин эмас. Бу масала Беҳзод Мусаевни ҳам биринчи навбатда ўйлантирадиганларидан экани шубҳасиз. Лекин қандай ечим топилади, буниси энди катта савол.

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш деярли ноль даражада. Охирги селектор йиғилишида президент бу масалада барчани қаттиқ танқид қилиб, ниҳоятда жиддий талаблар қўйгани ҳам бор гап. Нафсиламрини айтганда, Беҳзод Мусаевнинг бу лавозимга тайинланишига ҳам ўша йиғилиш якунига кўра қарор қилинганини англаш мумкин. Мусаевдан энди оммани саломатликка сафарбар қилиш кутилади, талаб қилинади ва натижа сўралади.

Апрель ойида у Kun.uz’га берган интервьюсида тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва ечимлар ҳақида гапирганди.

«Бугунги кунда асосий тиббиёт соҳасида ишловчи ходимларнинг сони бирламчи қатлам – оилавий шифохоналарга тўғри келади. У ерда қарийб 120 минг ходим ишлайди. Мана шу қатлам қай даражада тўғри ва сифатли ташхис қўя олса, аҳоли саломатлигига зарар кўрсатувчи омилларни бартараф этишга қаратилган ишларни яхши йўлга қўя олса, табиийки аҳолининг соҳанинг иккинчи қатлами бўлмиш кўп тармоқли ва махсус клиникаларга мурожаати камаяди», деганди у.

Мусаев беморларга ташхис қўйилиши билан муаммо тугамаслиги, уларни даволаш чораларини ҳам кўриш лозимлигини таъкидлаганди.

«Айниқса, туманлардаги муассасаларда уларни даволайдиган жиҳозлар, етук мутахассислар масаласи анча қийин. Буни гапириш осон, аммо ташкиллаштириш жуда қийин. Шуни ташкиллаштириш учун марказда ўтирган барча масъуллардан пастга тушиш, одамларнинг дардини ўз танасида ҳис қилиб кўриш талаб қилинмоқда», дея қўшимча қилганди у.

Тизимда кадрлар танқислиги, малакасизлик даҳшатли даражага етган. Аҳолининг эътирозлари асосли, пора олгани ҳолда кўнгилдагидек даволашга салоҳияти етмайдиган шифокорлар ниҳоятда кўпайиб кетган. Демак, йиллардан кейин натижа берадиган кадрлар тайёрлаш дастурини тузиш ҳам Мусаевнинг чекига тушади.

Шунингдек, тиббий хизматлар тўловидек чалкаш ва шаффоф бўлмаган тугун ҳам ниҳоят ечилиши зарур. Тиббий суғурта қўлланадими, президент таклиф қилаётганидек бевосита беморнинг ўзига пул бериладими ёки хусусийлаштириш йўлидан бориб, давлат фақат ислоҳотчи мақомини сақлаб қоладими, ҳозирча номаълум.

Булар Беҳзод Мусаевни айни пайтда ўйлантираётган муаммоларнинг айримлари, холос. Ҳали тизимда ўрнида қотиб қолган кекса амалдорлар, давлат харидларида қинғирликлар, рақамлаштиришда кескин ортда қолиш каби юзлаб муаммолар борки, янги вазирга омад тиласа ва яхши ислоҳотлар кутса арзийди.

Аброр Зоҳидов

Top