19:18 / 11.11.2021
34823

Сув тақчиллиги. Минтақани иқлим ўзгаришларининг яна қандай оқибатлари кутмоқда?

Марказий Осиёда сув ресурслари етишмаслиги энергия тақчиллиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳитга аянчли таъсир ўтказади. Шунингдек, бу муаммони хавфсизликка таҳдид сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Фото: Getty Images

Кенг тарқалаётган, жадал ва тезлашиб бораётган иқлим ўзгариши Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари аҳамиятини йилдан йилга оширмоқда.

Марказий Осиё сув манбалари хавфсизлик, энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир.

Сўнгги йилларда об-ҳаво кескин ўзгариши эса истиқболда долзарб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Энергия манбаларига таъсири

Марказий Осиё давлатлари электр энергия тизими ўзаро мувофиқликда фаолият юритади, шу боис, бир мамлакатда содир бўлган йирик авария бир лаҳзада бошқа давлатлар электр таъминотида сезилади. Бу айниқса сув ресурсларига алоқадор бўлса.

Қирғизистонда 85 фоизга, Тожикистонда 91 фоизга, Ўзбекистонда 15 фоизга, Қозоғистонда эса 10 фоизга яқин электр энергияси гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилади. Сув манбалари қисқариши электр энергия тақчиллиги ошишига жиддий таъсир ўтказади.

Хусусан, сўнгги йилларда ёғингарчилик камайиши натижасида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги «Тоқтогул» сув омборининг сув сатҳи «ўлик чегара» даражасигача тушиши эҳтимоли борлиги айтилмоқда. Мазкур сув омборида 2010 йилнинг 22 июлида сув ҳажми 18,2 млрд кубометрни ташкил қилган бўлса, 2021 йилнинг 30 мартида сув сатҳи 8,7 млрд кубга қадар пасайган ва пасайишда давом этмоқда. Мутахассислар фикрича, сув тақчиллиги яна беш йилгача давом этиши мумкин. Ушбу сув омбори Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қисмини ҳам сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Шу сабабли Қирғизистонда энергия инқирозининг олдини олиш ва келгуси суғориш мавсуми учун етарли миқдорда сув йиғиш мақсадида минтақа давлатлари Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришди. Аммо бошқа давлатларда ҳам энергия ресурслари борасида вазият анча жиддий.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг расмий баёнотига кўра, мамлакатдаги ГЭСларда сув ҳажми камлиги сабабли электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари камайиши кузатилган. 2019 йилда ГЭСларда ишлаб чиқариш 6,5 миллиард киловатт-соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган 2020 йилдаги каби 5 миллиард киловатт-соатни ёки 1,5 миллиард киловатт-соатга кам (23 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Аниқлик киритилишича, 1 млрд 200 млн киловатт-соат электр энергия билан республика аҳолисини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам бу йил мамлакатда қиш узоқроқ ва совуқроқ, ёз эса қурғоқчил ва иссиқ бўлгани, шу сабаб давлат аҳолининг электр ва сувга бўлган эҳтиёжларини қондира олмаслигини айтиб ўтди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири

Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 90 фоизи суғорма деҳқончилик учун ишлатилади. Музликлар эриши тезлашгани ва қиш фаслида қорсиз кунлар кўпаяётгани сабабли тоза сув билан боғлиқ мураккаб ҳолат озиқ-овқат танқислигига олиб келиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги Марказий Осиёдаги беш мамлакат иқтисодиётида ҳам муҳим роль ўйнайди ва бу мамлакатлар ЯИМнинг 10 фоизидан 45 фоизигача бўлган қисмини ташкил этади. Шунингдек, қишлоқ жойлардаги аҳолининг 20 фоиздан кўп қисми шу тармоқ орқали иш билан таъминланган ва тирикчилик қилади.

Йилдан йилга сув тақчиллиги ортиши эса истиқболда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашишига ва ишсизлик кўрсаткичлари ортишига олиб келади.

Бундан ташқари, Марказий Осиё сув ресурслари энг кўп миқдорда исроф қилинадиган минтақалардан бири ҳамдир.

Хусусан, биргина Ўзбекистонни олсак, сувни истеъмолчиларга етказиш вақтида (ўта эскирган ва чириган инфратузилма сабабли суғориш тизимларидаги йўқотишлар 35-40 фоизни ташкил қилади) ва истеъмол жараёнида ҳам (суғориладиган ерларнинг фақат 3-5 фоизида сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган) бу жараённи яққол кузатиш мумкин.

Хавфсизликка таъсири

Ўтган асрнинг 90-йилларида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги келишмовчиликларнинг асл илдизи ҳам сув ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланишдаги муроса йўқлиги бўлган. Муаммо айни пайтгача ҳам маълум бир кўринишларда сақланиб қолмоқда.

Буни охирги йилларда кўп кузатилаётган қирғиз-тожик чегарасидаги кескинликлар мисолида таҳлил қилсак, бу ерда сув ресурслари атрофидаги ҳар қандай ҳаракатлар аллақачон низоларнинг асосий манбайига айланиб қолган, чунки бу бевосита аҳоли манфаатлари ва фаровонлигига таъсир қилади. Икки республикада ҳам аҳоли даромадларининг кескин камлиги одамларни ер ва сув ресурсларидан максимал фойдаланишга ундайди. Қишлоқ хўжалиги ишлари бошланган баҳор ва ёз ойларида сув истеъмоли кескин ошиши қўшнилар ўртасидаги зиддиятни кучайтиради.

Шунингдек, кўп йиллар давомида сув манбалари сабаб минтақада юзага келган вазиятдан йирик давлатлар сиёсий таъсир кўрсатиш қуроли сифатида фойдаланиб келгани ҳам сир эмас.

Атроф-муҳитга таъсири

Сув манбаларидан нотўғри фойдаланишнинг энг аянчли кўринишларидан бири Орол денгизи қуришидир. Бунинг натижасида 5 миллион гектар майдонда янги чўл – Оролқум пайдо бўлди. Денгизнинг қуриган қатламидан келиб чиққан чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда.

Натижада бу ҳудудда ичимлик сув танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашиши натижасида аҳоли миграцияси кўпайди, ёввойи ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси қирилиб кетмоқда.

Ўтган ҳафта эса минтақанинг аксарият мамлакатларида, хусусан, Тошкент шаҳрида мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси юз берди. Бир неча кун ёмғир ёғмагани сабаб атмосферада чанг заррачалари сақланиб қолди. Бу каби минтақа учун ғайритабиий ҳисобланган ҳодисалар сони эса йилдан йилга ортмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сув манбалари Марказий Осиё цивилизациясининг пайдо бўлишидан тортиб, ҳозирги пайтгача бўлган тараққиётида ҳар томонлама муҳим аҳамият касб этиб келган. Бу муаммога жиддий эътибор қаратилмаса, оқибатлар ҳам жиддий бўлади.

Достон Аҳроров

Top