19:34 / 12.11.2021
22569

Шавкат Мирзиёев туркий давлатлар ҳамкорлиги борасида қатор таклифларни илгари сурди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Истанбул яқинидаги Демократия ва эркинлик оролида ўтаётган Туркий кенгаш саммитида нутқ сўзлади.

«Умумий тил ва муштарак қадриятлар бирлиги асосида шаклланган кенгашимиз доирасида бугунги кунда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Оғир пандемия даврида ҳам биз шериклигимизни кенгайтиришга, бир-биримизга ёрдам бериб, алоқаларимизни мунтазам ривожлантиришга интилиб келмоқдамиз.

Аминманки, бугун қабул қилинаётган қарорга биноан Туркий Кенгаш номи «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартирилиши ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади», деди президент.

Шавкат Мирзиёев кенгаш давлатларининг ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга чақирди.

Шу муносабат билан президент қатор таклифларни илгари сурди:

  • Ташкилот доирасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш;
  • учинчи давлатлардан кириб келаётган маҳсулотларни ташкилотга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш;
  • Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этиш;
  • Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастурини ишлаб чиқиш;
  • давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида «Инжиниринг ва технологиялар марказлари»ни ташкил этиш;
  • келгуси йили Ўзбекистонда «Туркий давлатлар саноат ҳафталиги»ни ўтказиш.

Давлат раҳбари рақамлаштириш, экология, маданият ва ёшлар масалалари борасида ҳам муҳим ташаббусларни илгари сурди:

  • «ақлли шаҳар»ларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT-мутахассислар учун доимий платформа яратиш;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш;
  • «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш, реставрация қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олган «Йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш;
  • Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш;
  • 2022 йилни туркий дунёда «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиш.

Сўзини якунлар экан, давлат раҳбари бугунги учрашув ва эришилган келишувларнинг амалга оширилиши қардош халқларнинг умумий фаровонлиги ва равнақига хизмат қилишига ишонч билдирди. 

Президент ҳамкасбларини янги ном олган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитини ўтказиш учун келгуси йил Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф этди.

Top