17:47 / 14.11.2021
18094

“Илм нур кабидир – осий қалбга асло кирмас” — Нажотни илмдан топган Дониёр Насриддинов билан суҳбат

“Осмондаги болалар” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони кимё фани бўйича халқаро олимпиада совриндори Дониёр Насриддинов бўлди.

  • Дониёр Насриддинов Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманида таваллуд топган. Аввал 26-мактабда, сўнгра 77-сонли иқтидорли болалар мактабида таҳсил олган. Самарқанд давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицейни тамомлаган. 2014 йилда Ўзбекистон миллий университети кимё факультетининг бакалавр босқичини, 2016 йилда эса магистратура босқичини битирган.

Суҳбат давомида, ёшларни илмга бўлган интилиш ва қизиқишларини орттириш, болаларни ёшлигидан илмга қизиқтириш, таълим ва жамият муаммолари, фарзанд камолида ота-онанинг тарбияси ҳамда жамиятни қийнайдиган турли мавзуларга тўхталиб ўтилди.

Барчаси қандай бошланган?

— Ҳали мактабга чиқмасимданоқ, ёзишни билар эдим. Ота-онам эса таълимни, таълим берадиганларни ва оладиганларни жуда яхши кўришар эди. Менга 5-синфлигимдан кимё фанини ўрганишни айтишган, аслида кимё фани Давлат таълим стандартларига биноан 7-синфдан бошлаб ўтилади. Бизнинг оилада уч нафар фарзанд бўлиб, ҳеч қайсимиз боғчага бормаганмиз. Барча таълимни ота-онамиздан олганмиз.

5-6 синфларда кимёни яхшироқ ўргандим. 7-синф бўлганимда эса олимпиадага қатнашдим. Биринчи кимё бўйича олимпиадамда 98 балл олдим, кейин вилоят босқичи бўлди, унда яна 2-ўринни олдим.

Дадам шунда айтган: “Болам, пардани йиртдик. Худо хоҳласа, буёғига зўр кетади”. Қарабсизки, 8-синфда ҳам, 9-синфда ҳам, кейинчалик ҳам бу ҳолат такрорланди.

Шу лаҳзани ёшлигимда тасаввур қилганман...

Бир нарса эсимга тушади ҳар доим. Ўша воқеани ўқувчиларимга роҳатланиб, гапириб бераман. Тасаввур қилинглар, ота-онангизнинг айтганини қилинглар, албатта, эришасизлар дейман. Бокудаги олимпиадада саҳнага чиққанман, кимдир менга байроқ берган, ким экани эсимда йўқ. Байроқни кўтариб турибман ва шундай орқага қараб, ўзимни йўқотганман. Чунки, дадам ҳар доим халқаро олимпиадада ютганингни, саҳнада турганингни, байроқ кўтарганингни тасаввур қил дердилар. Ёшликда шу нарсаларни тасаввур қилиб юрардим ва ортимга қарасам, доим қизил фонни кўрардим. Олимпиадада ҳам шундай ортимга қарасам, қизил фон турган экан. Шундай мазза қилганман. Аллоҳнинг фазли ила бўлган, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин…

Нима учун бизда ёшлар муваффақиятга эриша олмайди? Муаммо нимада?

— Муаммолар ҳақида гапиришни ёмон кўраман. Муаммо ҳақида гапирар экансиз, ечим билан келиш керак деб ўйлайман. Лекин муаммолар кўп, жуда кўп.

— Унда ечим ҳақида гаплашамиз!

— Мен ўзим ҳақимда гапириб бераман. Оилада 3 фарзандмиз. Қиз фарзанд йўқ. Учаламиз ҳам чемпионлармиз. Акам Беларусдан, мен Бокудан, укам Қозоғистондан ютиб келдик ва институтга имтиёзли равишда кирдик. Учаламиз ҳам кимё бўйича чемпионлармиз. Ота-онамизнинг тарбияси, бизга бўлган эътибори бизни шундай даражага олиб келди.

Аслида, биринчи муаммо ота-оналарда. Фарзандларига эътибор бермай қўйишди. Бир кунда бир соат вақт эътибор беришганда эди, ҳозирда старт-аплар чиқаётган бўларди. Ҳеч бўлмаганда 1 соат. Лекин, ҳозир 10-12 дақиқа ҳам ажратишмаяпти.

Ота-онам ҳақида гапираман: “Ҳурматли миллат умидларининг ота-оналари, ота-онамдан ўрнак олинг, албатта фарзандларингиз миллатни етаклайдиган бўлади. Ин Ша Аллоҳ”.

Ота-онам бизни деб кўп нарсалардан кечишган. Телевизор кўришмаган, телефон ишлатишмаган, кўп пул сарфлашмаган. Ёшлигимда ажиб воқеалар содир бўлган. 5-синф эдим. Ота-онам менга кўп эътибор қилар эди. Синфда аълочи эдим. Аммо, уйга келганимда энг сифатсиз фарзанд бўлиб қолар эдим. Акам жуда ақлли, укам гаплари ўткир ва равон, мен эса ҳеч нимани билмасдим. Дадам акамга: “Илмнинг асли кимё, илмнинг асли биология, илмнинг асли физика ва математика. Қолганлари касб-ҳунар, ўғлим. Буни ўрган, шу билан давлат ривожланади, ўзинг ривожланасан, ҳамма сенга эргашади. Буни укаларингга ҳам ўргатасан”, дедилар. Акам менга математика бўйича дастлабки тушунчаларни беришни бошлаган. Аммо менга ўргатаётганларини тушунмас эдим. Бир кун уйга кирар эканман, ота-онамнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Дадам айтарди: “Бу Дониёржонни нима қиламиз, акаси зўр ўқийди, укаси анча ўткир. Энди буни иқтидорли болалар мактабига ўқишга киргизамиз. Имтиҳонга уни тайёрлат дедилар. Шуни эшитиб қолиб, секин чиқиб кетдим. Ойим чақирдилар: “Дониёржон, кел ўғлим ботаника ўқимиз”.

2-3та мавзу ўқирдим, биринчи ўқиганим эсимдан чиқиб қоларди. Имтиҳонга кам вақт қолган эди. Бир кун кирдим, онам дуо қилиб турар эди: “Ё Роббий, акаси зўр ўқийди, Дониёржонимнинг ҳам илмини зиёда қил, бу кетишда умматдан орқада қолиб кетади. Ҳаммадан орқада қолиб кетмасин, унинг илмини зиёда қил”, — дердилар.

Бир кун ўтди. Китоб ўқисам тушуняпман, ҳар қандай масалани шундай ўқисам, ечиб кетяпман. Онанинг дуоси катта нарса! Ўша-ўша биласизми нималар бўлди? Ҳеч ким менга етолмай қолди. Сизга айтиб берган муваффақиятларим қаердан келганини билдингиз шекилли. Ота-онам менга шундай нарсалар бердики, ҳеч ким менга етолмай қолди. Мендаги ютуқларни, муваффақиятларни, нимани кўрсангиз, отамдан, онамдан, устозларимдан. Томчидек ёмонлик кўрсангиз, ҳаммаси ўзимдан, нафсимнинг дангасалигидан.

Дадам қилган меҳнатни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Дадажоним 2 ёшимдан 5 ёшимгача бирор кун тарк этмасдан эртак айтиб берарди. Ҳар куни янги эртак айтардилар. Тасаввур қила оласизми, 3 йил? Бунча эртак китоб йўқ деб ўйлайман. Катта бўлдик. Бу эртаклар шундай сермазмун эдики, тасаввуримизни шу даражада бойитарди. Ота-онамнинг катта меҳнати билан қалбимизга илм кирди. Бу миллатдан таълим кўтарилганининг асосий сабаби ота-оналар эътиборсизлигида. Болага ёшлигидан қалбига илм жойлашганда эди, бундай бўлмасди.

Иккинчи муаммо бу – мактаб! Ўзбекистонда бошланғич таълим жуда чиройли, аъло даражада. Аммо 5-синфга ўтганида, бола айнишни бошлайди. Аслида, таълим устозни ҳурмат қилиш билан юқади. Бола 5-синфга ўтгандан сўнг, устозни ҳурмат қилмай қўяди.

Мен Colba таълим марказида шогирдларимга шундай дейман: “Илм бериш учун йўлга чиқдик. Миллатни етаклайдиган ёшлар билан шуғулланайлик”. Уларни ўрганинглар деб чиқариб юбораман. Мактабларга бориб 7-8 синф ўқувчиларни кузатишади. Улар нима хоҳлашини билишмайди. Мен 7-синфда олимпиадада ютганман. Қалбимга илм сингиб бўлган эди. Уларда аниқ бир мақсад йўқ. Нима қилишини билмайди.

Устозга ҳурмат йўқ. Бу нима деган гап? Устозни ҳурмат қилса, илм юқади. Устозга ҳурмат йўқолгандан сўнг устозлар бунга кўника бошлайди. Таълим бергиси келмайди. Бу ҳолат 5 йил давом этсин, устозларда ҳам таълим ўлиб кетади. Уламолар айтади: “Устозларни ҳурмат қилинг, юмшаб кетганидан, бор илмини сизга берсин. Табибларни ҳурмат қилинг, юмшаб кетганидан бор меҳри билан сизни даволасин”. Ҳурмат йўқолгандан сўнг шу ҳолатга келдик. Бошида айб устозларда эмас эди. Ҳамма айб болаларда ва ота-оналарда эди. Энди ҳеч қайси устоз ўз устида ишламай қўйди. Чунки, бирорта ўқувчи таълим талаб қилмай қўйди. Устозларга ҳам фарқи бўлмай қолди.

Ҳозирда Ўзбекистонда ҳамма давлат таълим стандартларига асосланиб ўқитилади ва ўқувчилар ҳам бир хил фикр юритади. Бизга танқидий фикр етишмайдими деб ўйлайман. Бунга фикрингиз?

— Бу муаммолар ичида бир муаммо. Ҳаммани бир қолипга солгандан сўнг, албатта, ҳамма бир хил фикр юритади. Бу албатта ёмон. Лекин яқин-яқиндан вариацион синфлар ташкил қилина бошланди. Бу нодавлат марказ сифатида ташкил қилиняпти. Эшитиб жуда хурсанд бўлдим.

Шу масала бўйича мактабларга кириб боришни ният қилиб турибман. Яъни бу шундай таълимки, институтга кириш учун 5та фанни ўз ичига олган. Бу 5та ўқитилган фаннинг пулини ота-оналар тўлайди. Қолган фанларнинг пулини давлат. Бу вариацион синфларда кимё ва биологияга қизиқадиган болалар битта синфга тўпланади. Математикага қизиқадиганлар алоҳида, инглиз тилига алоҳида йиғилиб, таълим бериш бошланади. Мактабда табақаланиш бошланади. Ҳаммани ўз йўналишида таълим бериш бошланади ва танқидий фикрлар кўп чиқади деган умиддаман.

Кўпчилик ота-оналар сўрашади: “Нима учун бугунги кунда фарзандларимизга кимё ва биологияни ўргатишимиз зарур? Иқтисодиёт фанлари ривожланаётган пайтда, нима учун айнан кимё ва биология?

Бу жуда катта мавзу. Имом Шофий роҳматуллоҳ айтган эканлар: “Илм иккитадир. Бири дин илми, иккинчиси тиб илми. Бошқа ҳаммаси касб-ҳунар” деган эканлар. Тиб илми бу – тиббиёт таркибидаги кимё, биология, физика, математика – ҳаммасини мукаммал ўрганиш керак. Нима учун ўрганиш керак?

Нима учун ўрганмаяпти? Шу тўғрисида гаплашайлик. Биринчи навбатда ёшлар ўзларига лидер топа олишмаяпти. Кимнингдир ортидан эргаша олишмаяпти. Ҳозирда юртимизда бутун ижтимоий тармоқларда бизнесменлар, тадбиркорлар ва шунга ўхшаш лидерлар кўп. Натижада ҳамма уларга интила бошлади. Ҳаётнинг енгил тарафига ўтиб олишди.

Лекин биз ундай қилмадик. Тадбиркор бўлиш имкониятим бор эди. Аммо мен илмга умримни бағишладим. Кўп пул келишни бошлади. Ҳеч камбағал бўлмадим. Лидерлар йўқлигидан, улар ўқимай қўйишди. Ота-оналарга яна бир гапим бор. Фарзандларини кеч таълимга беришади. Шифокор бўлиш осон эмас. Бир йил ўқиб шифокор бўлиш мумкинми? Мумкин эмас. Ота-оналарга мурожаатим шунақаки, фарзандингизни миллатни, умматни етаклайдиган илм-фан соҳиби бўлишини истасангиз, вақтлироқ ҳаракат қилинг!

Ўзбекистонга келиб, таълим олишади...

Кўпчилик давлатларга чиқамиз. Юрагимни, қалбимни оғритадиган воқеалар бор. Айниқса, Россияга чиқарканмиз, Ўзбекистон аҳолисига улар мардикор сифатида қарайди ва уни эшитиб одамнинг йиғлагиси келади. Охирги йилларда, биз мардикор экспорт қиладиган давлатга айланиб қолдик. Лекин, бугунги кунга келиб, ҳамма илмга қизиқишни бошлади, вазият ўзгарди. Ишонаманки, тез орада биз мутахассис экспорт қилишни бошлаймиз. Лекин, бу чегарамиз бўлиб қолиши керак эмас. Дунёдаги топ-университетлари бўлган ривожланган давлатлар на мардикор, на мутахассис экспорт қилади. Улар фақат таълимни экспорт қилади. Биз ҳам ният қиламиз, таълимни экспорт қилишни. Қандай қилиб? Бутун дунёдаги ёшлар Англия, Америка, Германия каби давлатларга ўқишга боришади, кўп ҳолатларда у ерда ишлаб, яшаб қолиб кетишади. Биз ҳам таълимни экспорт қилмоқчимиз. Ўзбекистонга ҳам бошқа давлатлардан ўқувчилар келиб таълим олишади, энг зўр таълим Ўзбекистонда дейди. Албатта, илмнинг энг чўққиси таълимни экспорт қилишдир. Чунки, шонли тарихимизга қарасак, аждодларимиз карвонсаройларнинг зўрлигидан эмас, балки таълим экспорт қилишгани учун зўр бўлиб кетишган. Улар берувчи қўл эдилар, биз эса берувчи ҳам, олувчи ҳам қўл эмасмиз… Аллоҳ таоло насиб қилса, буларни тез орада амалга оширамиз.

Қизиқишлар қандай келиб чиқади?

— Қизиқишларни шакллантириш ҳақида кўплаб, китоблар ўқидик. Ҳозирда ҳеч кимда қизиқиш йўқ. Одамлар намуна қилиб кўрсатилмаяпти. Энг катта муаммо шунда. Мен укам билан бир режа қилдим. Бу учун жуда катта ишлар қилинди. Қизиқишлар 100 фоиз атроф-муҳитга қараб шаклланади. Чунки, биз қишлоқнинг бир бурчагида туғилган уч ака-ука, забардаст кимёгар бўлиб етишдик-ку! Ота-онам қизиқтирди-ку! Бошқаларни ҳам қизиқтирса бўлади.

Аслида қизиқишлар кўрилса, амалий қилиб кўрсатилса, кейин шаклланар экан. Болаларни ёшлигидан ўзгартириш керак. Биз хусусий боғчалар ташкил қиламиз. Улар табиий фанларга, биология, кимё ва шунга ўхшаш фанларга ихтисослашган болалар боғчаси бўлади. Бу боғчаларда таълим, одоб-ахлоқ ҳамма нарса ўргатилади. Бундан ташқари, кўчат ва дарахт экиш, гулларни парваришлаш ҳаммаси ўргатилади. Ўрганиб, кўриб, уларга меҳр қўя бошлайди. Биз уларга табиатни яхши кўришни ўргатмоқчимиз. Улар мактабга чиққанда, тасаввурлари бой бўлиб, моддаларни ажрата оладиган кучли бўлишадики, мактабда ўқийдиган 7-синф ўқувчисини олдида анча илмли бўлади. Фикрлаши, табиий фанларга бўлган қизиқиши жиҳатидан анча кучли бўлади. Шу йўналишда, шу тартибда бу муаммоларни ҳал қилишни режа қилганмиз. Бунга жуда кам вақт қолди. Мен ишонаман. Ҳаммаси ижобий ҳал бўлади. Лекин бугун таълимни тубдан ўзгартириш учун катта сиёсий ирода керак. Бу нарсаларни шунчаки қилиш жуда қийин. Мен ишонаман яқин келажакда бу нарсаларга эришамиз.

— Нима учун илмий изланишлар, янгиликлар, ихтиролар қилмасдан таълим билан шуғулланяпсиз? Бунга сабаб нима?

— Менда талабалик даврларимда, улкан кашфиётлар қилиш ғояси пайдо бўлди. Лекин, лабораториялар ичида юрибмиз-у, кўрамиз улар ҳаминқадар бор. Жиҳозлар эски, китобларнинг аксарияти 1980-йилларда ёзилган. Кучли мутахассислар кўп, етарлича билим бор, муаммо лабораторияларда.

Укам билан зўр дори кашф қиламиз, бутун инсониятга фойдаси тегади деб режа қилдик. У фармацевт. У илмий ишни бошлади, бирга қиламиз дея ҳаракат ҳам қилиб кўрдик. Кўп чет эл кузатишлари, устозларнинг тажрибасини ўргандим ва маълум бўлдики бу ишни қилиш учун камида икки йил вақт кетади. Ўзбекистондаги жиҳозлардан амаллаб қилса бўлади. Лекин, Германия ва бошқа ривожланган давлатлардаги лабораторияларда бу ишни 1 ҳафтада қилса бўлади. Ўйладим, 1 ҳафтада қилиш мумкин бўлган ишга, 2-3 йил умримни сарфлаб, вақтимни зое қилмайман. Ёшларга таълим бераман. Ёшларнинг ҳаётида “лекин, кунлардан бир кун” деган бурилиш бўлишига сабабчи бўламан. Ҳамма илмга қизиққанда, ишонаманки, технологиялар ҳам Ўзбекистонга кириб келганда, юртимизда янги, ривожланган илм-фан шаклланади. Бутун ёшларни илмга қизиқтираман, таълим бераман деб чиқиб кетдим.

— Нима сизни олдинга ундайди, нима сизни ҳаракатга келтиради, нима учун уйғонасиз айни шу ишлар, ғоялар бўйича?

— Кўпчилик сўрайди, устоз менга мотивация беринг деб. Мотивация аслида битта бўлади. Кўп бўлмайди. Мотивация олган ўқувчиларим бир ҳафта мотивация олиб юради. Кейин яна асл ҳолатига қайтади. Мен уларга кўп бор айтаманки, ёшлигимдаги асосий мотивация бу – ота-онам бўлган. Уйғонар эканман, ота-онам деб уйғонар эдим, ота-онам мени деб гап эшитмасин деб ҳаракат қилар эдим. Ҳозир ҳам шунақа. Ота-онам менга катта мотивация. Ундан ҳам каттароғи умматга хизмат қиламиз деб йўлга чиқдик. Аллоҳ таоло кам қилмади. Умримизнинг охиригача аждодларимиз қолдириб кетган меросни қайта тиклаб, Мовароуннаҳр диёрида яна шу нарса тикланди, дейишларини хоҳлаймиз. Агар, балки улгура олмасмиз, ниятни қилдик. Ният мисли отилган камон ўқига ўхшайди. Ундан кейин тўғрилаш қийин. Балки, ярим йўлда тўғрилармиз, лекин биз ниятни қилдик. Шу ренессансни қайта қиламиз. Мени интилишга ундайдиган нарса шу аслида. “Илмнинг асли кимё, илмнинг асли биология, илмнинг асли физика ва математика. Илмнинг орқасидан қуваверамиз. Худо хоҳласа аждодларимизнинг ренессансини қайта тиклаймиз. Агар шогирдлар илм истаб, устозини ҳурматини жойига қўйса, илм учун таълим бераман, таълим оламан деб йўлга чиқса, Иншааллоҳ Мовароуннаҳр диёрида ренессансни қайта тиклай оламиз, албатта.

Top