Президентнинг “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси тизимини такомиллаштириш ҳамда уни илғор жаҳон амалиётига мослаштириб бориш бўйича қуйидагилар амалга оширилган:

  • самарали илмий фаолиятга муносиб шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, диссертациялар сифати ва самарадорлигини кескин кўтариш мақсадида 2017 йил 1 июлдан бошлаб диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини беришни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизими амалиётга жорий этилган;
  • олий таълим ва илмий ташкилотлар ҳузуридаги амалдаги математика, физика, кимё, биология, техника ва иқтисодиёт фанлари йўналишидаги тегишли илмий даражалар берувчи илмий кенгашга талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида мустақил тасдиқлаш ваколати берилган;
  • педагогика фанлари йўналишларида талабгорларни илмий унвонларда мустақил тасдиқлаш ваколати Тошкент давлат педагогика университети, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига берилган;
  • олий таълимдан кейинги таълим бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатлар рўйхати ҳар йили ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистонда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан тўғри тан олиниши йўлга қўйилган;
  • халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим ва илмий ташкилотлар кенгашлари тавсиясига асосан Ўзбекистонда қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан тўғри тан олинишига рухсат берилган;
  • бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида илмий ишланма яратган фалсафа доктори (PhD) ёки унга тенглаштирилган илмий даражага эга талабгорга фан доктори (DSc) ва илмий натижаларни амалиётга татбиқ этган талабгорга фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини мустақил ҳолда бериш ваколати тажриба тариқасида Ўзбекистон миллий университетига берилган;
  • “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёни рақамлаштирилиб, ахборот тизимлари «Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими» дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинган;