11:20 / 15.11.2021
36247

Андижон тиббиёт институти магистри шифокорлар байрами куни автоҳалокатда вафот этди

Йўл-транспорт ҳодисаси талабалар институт маъмурияти талаби билан Бўстон тумани аҳолиси орасида сўровнома ўтказиб қайтаётганида содир бўлгани айтилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Кеча, 14 ноябрь куни Андижон вилояти Бўстон туманининг ўрмон хўжалиги ҳудудидаги катта йўлда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани айтилмоқда.

Ҳалокатга учраган автомашинада Андижон тиббиёт институтининг 4 нафар талабаси бўлган. Улардан 3 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари билан РШТЁМнинг Андижон вилоят филиалига ётқизилган. Бир нафари, институтнинг 2-курс магистри, 1991 йилда Жалақудуқ туманида туғилган Ш.А. вафот этган.

Манбанинг таъкидлашича, талабалар институт маъмурияти талаби билан Бўстон туманига бориб, аҳоли ўртасида “Соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини ўрганиш бўйича” сўровнома ўтказган. Ҳодиса айнан мазкур сўровномадан қайтаётганда содир бўлган.

“Магистрлар Тиббиёт институти маъмурияти томонидан дам олиш кунларида аҳоли ўртасида сўровнома ўтказиш учун мажбурланмоқда. Мана оқибатда, гулдек нобуд бўлди”, дейди Тиббиёт институти ходими.

Талабаларнинг дам олиш кунларида сўровнома ўтказиш учун юборилаётганини вилоят соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритувчи бир нечта манба тасдиқлади.    

Kun.uz мазкур масала юзасидан суриштирув ўтказишга киришди.

Top