Ўзбекистонда ҳар йили 2-2,5 минг киши йўлларда ЙТҲлар қурбони бўлмоқда. Якунига етаётган йилда ҳам бу рақам оғриқли тус олди: таҳлиллар юк машиналари, автобуслар билан боғлиқ авариялар кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. 2023 йилда ҳам бир ҳолатнинг ўзида 5-6 кишининг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲлар содир бўлган. Kun.uz уларнинг айримларини ёдга олди.

ЙТҲлар Ўзбекистонда энг оғриқли масала бўлиб қолмоқда – олдини олишга қаратилган чораларга қарамай ҳар йили йўлларда минглаб одамлар тезлик ёки қўпол қоидабузарлик қурбони бўляпти. Республикада 2020 йилда 1962 нафар, 2021 йилда 2426 нафар ҳамда 2022 йилда 2356 нафар одам авария оқибатида ҳалок бўлган. Бу рақам 2023 йилнинг январ-июл ойларида 1115 кишини ташкил этган.

Енгил ва «оғир»лар тўқнашуви

2023 йилда юк машиналари ва енгил автомобиллар иштирокида бир нечта ЙТҲлар содир этилган. Уларнинг айримлари жуда аянчли – бир нечта инсоннинг ўлими билан якун топган.

Масалан, сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст туманида DAF русумли юк машинаси ҳайдовчиси рулда ухлаб қолиши оқибатида қарама-қарши йўналишдаги Damas ва Labo билан тўқнашиб кетди. ЙТҲ оқибатида 5 киши – Damas ҳайдовчиси ва 4 нафар йўловчи олинган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.

21 ноябр куни эрталаб Фарғонада шу каби даҳшатли ЙТҲ содир бўлди: Учкўприк туманида Isuzu юк машинаси светофорда тўхтаб турган Damas билан тўқнашган. Damas ичида жами 11 киши – ҳайдовчи, Бувайда тумани Янгиқишлоқдаги 7-мактабнинг 5 нафар ўқувчиси ҳамда 5 аёл бўлган. Сабзи ковлаш учун Олтиариқ туманига кетаётган йўловчилардан 5 киши – 2 нафар мактаб ўқувчиси ва 3 аёл йўл транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган.