15:29 / 16.11.2021
2671

Самарқандда профилактика инспектори ва ҳайдовчи ўртасида бўлиб ўтган тортишув бўйича хизмат текшируви ўтказилмоқда

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Зармитан шаҳарчасида ҳайдовчи ва уни тўхтатган профилактика инспектори баҳслашиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабар юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 11 ноябрь куни соат 23:30 ларда Қўшработ тумани ИИБ профилактика инспекторлари туман ИИБ бошлиғи томонидан тасдиқланган тақсимотга асосан, тунги хизматни олиб бораётган вақтида, “Зармитан-Бойтуп” йўлида келаётган Cobalt машинасини тўхтатган.

Инспекторлар машина эгасига ўзларини таништириб, туман ҳудудида содир бўлган ўғирлик жинояти юзасидан транспорт воситаларини текшириб кўраётганликларини тушунтириб, фуқародан шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўрашган. Шунда фуқаро Б.А. профилактика инспекторларига шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишга мажбур эмаслигини айтиб, уларнинг қонуний талабларини бажармаган.

Фуқарога туман ИИБга бориш таклиф қилинганда ходимларга қаршилик кўрсатиб, ҳеч қаерга бормаслигини айтган. Шундан сўнг, ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган.

Top