15:01 / 17.11.2021
8402

19 млрд сўмлик бензин маҳсулотлари талон-торож қилинган Андижон нефть базаси иши судга оширилди

Турли маркадаги жами 2 270 тонна бензин маҳсулотларидан аниқланган камомаднинг ўртача қиймати 19 млрд сўмни ташкил этганди.

Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

«Ўзбекнефтгаз» АЖ аниқлаган ҳолатга кўра, Андижон нефть базасида АИ-80 автобензиндан 84 тонна, АИ-91 автобензиндан 280 тонна, АИ-92 автобензиндан 6,7 тонна ва Эко дизель ёнилғисидан 1,9 минг тонна бўлган, ўртача қиймати 19 млрд сўмни ташкил этувчи камомад аниқланган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг хабарига кўра мазкур ҳолат бўйича «Андижон нефть базаси» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов якунланиб, шу йил 3 ноябрь куни мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Хабарда ишнинг бошқа тафсилотлари, шу жумладан айбланувчилар сони, уларга нисбатан эълон қилинган айбловнинг мазмуни (ЖК моддалари) танланган эҳтиёт чораси, тергов органи аниқлаган жами зарар суммаси ва унинг ундирилгани каби маълумотлар очиқланмаган.

Аввалроқ, Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 185 миллиард сўм миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилингани хабар қилинганди.

Жиззах нефть базасидаги 146 млрд сўмлик ва Бухоро нефт базасидаги 20,7 млрд сўмлик талон-торожлик ҳолатлари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Top