Жамият | 08:45 / 23.05.2021
27658
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг собиқ раҳбари қамоққа олинди

Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг собиқ раҳбари Комилжон Адилов камомадда айбланиб қамоққа олинган.

Бош прокуратура матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг собиқ раҳбари қамоққа олингани ҳақида тарқалган хабар юзасидан муносабат билдирди.

«Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси мансабдор ва моддий жавобгар шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида, 2021 йил 21 май куни вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғига ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «а, в, г» бандлари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган», дейилади расмий хабарда. 

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслиги қайд этилган.

Бундан аввалроқ Тошкент вилоятига оид янгиликлар ёритиб бориладиган «Олтин воҳа» каналида текширувларда 50 миллион сўм камомад аниқлангани туфайли Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг собиқ раҳбари Комилжон Адилов қамоққа олингани, бош ҳисобчи эса қидирувдалиги ҳақида хабар берилганди.

Комилжон Адилов 2019 йил декабрь ойида бошқарма бошлиғи этиб тайинланган эди. Жорий йилда ушбу бошқарма тугатилиб, туризм ва спорт битта тузилма остига бирлаштирилган, умумий раҳбарлик вилоят ҳокимининг ўринбосарига юклатилганди. 

Мавзуга оид