21:15 / 18.11.2021
47293

ФарДУ ўқитувчиси тотализаторда катта пул ютқазиб, ўзини осгани маълум қилинди

Фарғона давлат университети ўқитувчиси ўз жонига қасд қилган ҳолда топилди. Бош прокуратура маълумотига кўра, у катта миқдордаги маблағни тотализаторда ютқазиб қўйган. ФарДУдаги манба эса у яқинда ўқишга киритиб қўйиш учун пул олаётганида қўлга тушганини билдирди.

Фото: iStock/ФарДУ

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz сўровига кўра тақдим этган маълумотда айтилишича, ФарДУ ўқитувчиси тотализаторда катта миқдорда пул ютқазгач ўз жонига қасд қилган.

«2021 йил 17 ноябрь куни соат 16:00ларда ФарДУ ўқитувчиси, Шаҳрихон тумани «Бўстон» МФЙда яшовчи Б.Р мазкур ҳудудда жойлашган қабристон навесига бўйин соҳасидан ўзини осиб, жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган.

Б.Рнинг жасадини суд-тиббий экспертиза мутахассиси иштирокида кўздан кечириш давомида тан жароҳатлари аниқланмади. Унинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда», дейилади маълумотда.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Б.Р интернет орқали таваккалчиликка асосланган тотализатор ўйинлари ўйнаб келгани аниқланган.

Қайд этилишича, у 2021 йил 16 ноябрь куни Фарғона шаҳрида яшовчи «Ҳуршидбек» исмли шахсдан мазкур тотализатор ўйинларини ўйнаш учун 57 миллион сўм миқдоридаги пулларни қарзга олган ва пулларни ютқазиб қўйган. Сўнг пулларни 18 ноябрь куни қайтариб беришни ваъда қилиб, уйидан олиб келиб беришини айтган.

18 ноябрь куни оила аъзоларига уни қабристондан топишлари тўғрисида смс-хабарнома юборган ва шу куни соат 17:30ларда оила аъзолари томонидан ўзи яшаётган маҳалла қабристонидан ўзини осган ҳолатда топилган.

Kun.uz ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун Б.Р ишлаган ФарДУдаги манба билан боғланди. Манба ҳодиса юзасидан билдирган муносабатда у билан бошқа ҳодиса содир бўлгани маълум қилди.

«Айни вақтда ижтимоий тармоқларда Б.Рнинг бевақт вафоти бўйича турли талқиндаги асоссиз хабарлар тарқатилмоқда. Шу боис, ҳолат бўйича аниқлик киритган ҳолда маълум қиламизки, ходим Б.Р Сўх тумани фуқаросидан контракт-шартнома асосида ўқишга киритиб қўйиб шарти билан пул олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан ташкилланган тадбирда жиноят асослантирилган.

2021 йилнинг 17 ноябрь куни Б.Р ўзи туғилиб ўсган Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида ўз жонига қасд қилиш (суицид) ҳолатини амалга оширган. Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда», дейилади манба берган маълумотда.

Top