Мазкур рейтинг ташкилотига жалб этилган халқаро экспертлар ва “IARС” Ҳакамлар қўмитаси баҳолари натижаларига кўра, бошқарувга инновацион ёндашув, сифатли таълим ва замонавий таълим технологияларининг жорий этилиши, илмий-тадқиқот фаолиятининг такомиллаштирилиши, университетнинг ўқув-технологик жиҳозлари сифат даражаси, талабаларнинг ижодий ва спорт соҳасидаги юқори салоҳияти, жамоада корпоратив маданиятни шакллантирилиши бўйича Фарғона давлат университети ректори, профессор - Баҳодиржон Шермуҳаммадов - Канада Халқаро ютуқлар тадқиқот маркази (IARС) рейтингда “Йил ректори – 2023” танлови ғолиби деб эълон қилинди.

Шунингдек, Фарғона давлат университети - стратегик, корпоратив ва индивидуал ривожланиш даражаси бўйича Халқаро ютуқлар тадқиқот маркази (IARС) рейтингида “Йил университети – 2023” халқаро танлови номинацияси ғолиби деб эълон қилинди.

Шунингдек, рейтинг ғолиби бўлган ФарДУ ректорига Халқаро ютуқлар тадқиқот маркази - IARC расмий веб-сайтининг “Халқаро трибуна” бўлимида ўз илмий мақолаларини (https://achievementscenter.com/iarc-events/academic-honor-society/international-tribune/about-international-tribune) бепул чоп этиш ҳамда “Йил ректори – 2023” брендидан абадий фойдаланиш халқаро ҳуқуқи берилди.
Ушбу халқаро танловнинг мақсади - олий таълим муассасаларининг йиллар давомида эришган халқаро ютуқларини жаҳон ҳамжамиятига кенг намойиш этишга қаратилган. Бунда маҳаллий, минтақавий ёки халқаро миқёсда жаҳон андозалари даражасидаги муассаса бўлиш учун катта салоҳият ва ижодкорликни намоён этган ҳамда илм-фанга салмоқли ҳисса қўшган инновацион олий таълим муассасалари жамоатчилик томонидан эътироф этилади ва тақдирланади.
















