13:23 / 22.11.2021
11778

Марказий банк Global Pay ва 1HLSW электрон пуллар тизими фаолиятига рухсат берди

Марказий банкнинг электрон пуллар реестрига қўшилган электрон пуллар тизими 10тага етди. МБ мутахассиси электрон пуллар нималиги ва унинг афзалликларини тушунтиради.

Global Pay ва 1HLSW электрон пуллар тизими Марказий банкнинг Электрон пуллар тизими реестрига киритилиб, электрон пуллар чиқарилиши фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар бермоқда. Бу билан Ўзбекистонда фаолиятига рухсат берилган электрон пуллар тизими 10тага етди.

“Электрон пуллар тизимида ҳуқуқий база яратилиши бозорда инновацион хизматлар ва янги иштирокчилар пайдо бўлишига олиб келди. Содда қилиб айтганда, ўзимизнинг сўм виртуал кўринишда бўлади”, — дейди МБ бошқарма бошлиғи Миразиз Мирҳаётов.

У электрон пуллар афзалликларини тушунтирди:

— Банк ҳисобрақам очишни талаб қилмайди;

— бошқа тўлов воситаларига нисбатан арзон;

— хавфсизлик таъминлаган.

Маълумот учун, 10 ой давомида 3 млн 200та электрон ҳамён фуқаролар томонидан ишлатилмоқда. 2021 йилнинг 10 ойида электрон пуллар тизимида 124 млрд сўмлик транзакциялар амалга оширилган. Буларнинг 93 фоизи савдо ва хизматлар учун харидлар, 7 фоизи бир электрон ҳамёндан иккинчи ҳамёнга пул ўтказмалари улушига тўғри келади. 

Бундан ташқари, ноябр ойида Марказий банк Qiwi фаолиятига ҳам рухсат берди. Электрон пуллардан қандай фойдаланиш мумкинлиги борасида мана бу ерда ўқишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда электрон пулларни чиқариш ва муомалага киритиш тартиби белгиланганди

Ўзбекистонда расман фаолиятига рухсат берилган электрон пуллар тизими ортаётганига қарамай, Ўзбекистон Марказий Осиёда Paypal тизимига қўшилмаган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Ўтган йил охирида мамлакат расмийлари Paypal билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди. Бироқ маълум бўлишича, компания Ўзбекистонга кириш нияти йўқлигини билдирган.

Top