12:35 / 22.11.2021
7672

Транспорт вазирлиги инспекторлари автомобил ташуви соҳасидаги баённомаларни планшет орқали расмийлаштиришни бошлайди

Транспорт вазирлиги томонидан автомобил ташувлари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни аниқлаш, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишда электрон тизим ўрнатилган планшетлардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлик хабарига кўра, ходимлар томонидан замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда автомобил ташувлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш мақсадида янги тартибда ишлашга ўтилмоқда.

Дастлабки босқичда автомобил ташувлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш электрон тизим ўрнатилган планшетлар орқали Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Транспорт бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Планшетлардан фойдаланган ҳолда маъмурий баённомаларни расмийлаштириш жараёнини амалиётда қўллашни ташкил этиш мақсадида ИИВ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази бўлим бошлиғи ва масъул ходимлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маъмурий баённомаларни планшетлар ёрдамида расмийлаштириш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти транспорт бошқармалари инспекторларига бириктирилган планшетлар тақдим этилди, дейилади хабарда.

Top