13:32 / 23.11.2021
9472

Қорақалпоғистонда тўрт вазирга ҳайфсан берилди. Яна 3 нафар ҳокимга чора кўрилиши мумкин

Фото: Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши

Қорақалпоғистонда 4 нафар вазирга ҳайфсан берилди. Шунингдек, 22 ноябр куни қабул қилинган Вазирлар Кенгашининг фармойиши кўра, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ва 3 нафар ҳокимга чора кўрилиши мумкин.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Зоҳиджон Зиядуллаев, Соғлиқни сақлаш вазири Мурад Қурбанов, Мактабгача таълими вазири Жумагул Уснатдинова, Халқ таълими вазири Рустем Рейимовга ушбу жазо чораси берилган.

Улар Ўзбекистон президенти ҳужжатлари ҳамда топшириқларининг бажарилишини ташкил қилиш, ҳужжатлар билан ишлаш, ижро интизомини назорат қилиш, топшириқлар ижросини таъминлашда юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ўз вақтида зарур чоралар кўрмаган.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Тимур Баекеевга нисбатан 2021 йил июлидаги ҳайфсан эълон қилингани инобатга олиниб, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Шунингдек, Вазирлар Кенгаши раисининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Эрназар Аташовга ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Бахитжан Хабибуллаевга нисбатан, Нукус шаҳар ҳокими Утемурат Панаев, Бўзатов тумани ҳокими Маҳмуд Қайпанов ва Тахиатош тумани ҳокими Илҳом Маткаримовга нисбатан интизомий чоралар кўриш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси номига таклиф киритилган.

Top