12:01 / 29.11.2021
19134

Чироқчида машинасини ички ишлар ходимлари устига ҳайдаган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фото: Видеодан кадр

Чироқчи туманида ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг қонуний талабини бажармасдан Lacetti машинасини ИИО ходимлари устига юргизиб қочиб кетгани, орадан кўп ўтмасдан у топилгани ҳақида Kun.uz’да хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

«Қашқадарёда ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган шахсга нисбатан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади хабарда.

Гумондор шахс процессуал тартибда ушланган.

2021 йил 27 ноябрь куни соат 16:10ларда Чироқчи тумани ҳудудида ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан воқеа жойидан қочиб кетган давлат рақами 70 D 083 FA бўлган Lacetti машинаси ҳайдовчисининг шахси аниқланиб, топилган.

Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилган. Машина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

Фото: ЙҲХББ матбуот хизмати

Суриштирув давомида 1998 йилда туғилган ҳайдовчи Ҳ.А. автомобилнинг олд ён ойналари қорайтирилгани бўйича рухсатномаси йўқлиги сабаб ходимларнинг тўхташ талабига бўйсунмасдан кетиб қолганини билдирган.

Top