11:16 / 05.12.2021
21182

АҚШда конституцион инқироз, жаҳонда янги совуқ уруш. 2022 йил учун ҳайратланарли прогнозлар

Дания инвестиция банки Saxo Bank 2022 йил учун кишини ҳайратга солувчи прогнозларни эълон қилди. 10та башоратдан иборат тўпламни банкнинг ўзида «молия бозорларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин, содир бўлиш эҳтимоли кам» деб аташмоқда. Бу каби ҳар йиллик прогнозлар 19 бор эълон қилинмоқда. «Медуза» уларнинг энг аҳамиятлиларини жамлади.

Аризонадаги Девис-Монтен авиабазасидаги ҳарбий самолётлар қабристони. У совуқ уруш рамзи саналади.
Joe Sohm / Visions of America / Universal Images Group / Getty Images

Facebook бумерлар платформасига айланади 

Facebook «кекса бумерлар» платформасига айланади. Унинг доимий равишда ўхшаш ёки чалғитувчи контентни кўришга сабаб бўлувчи алгоритмлари ёшларни ижтимоий тармоқдан узоқлаштиради. Ижтимоий тармоқ 40 ёшдан кичик ва катта бўлган кишилар маданий қарама-қаршилиги марказида бўлади. Ёшлар унга фейк янгиликлар ва зиқна корпорациялар рамзи сифатида қарашади.

Инвесторлар Facebook’нинг янги бош компанияси Meta ёш авлодни, яъни бўлажак салоҳиятни шиддат билан йўқотаётганини тушунишмоқда. 

Юқорида қолишни орзу қилган Meta Snapchat ёки TikTok’ни сотиб олишга ҳаракат қилади ва ўз сервисларига ёшларни қайтариш учун миллиардлаб доллар сарфлайди. Бир вақтнинг ўзида асосий мақсади фойдаланувчилар тўғрисида маълумот тўплаш бўлган «метакоинот»ни яратиш билан шуғулланади.

Натижада Meta қийматининг 30 фоизини йўқотади ва унга ўзига тегишли сервисларни алоҳида тузилмаларга бўлиш тавсия этилади. Шу тариқа, Марк Цукербергнинг монополия тўғрисидаги орзулари барбод бўлади.

Тиббиётда эришилган ютуқ ҳаёт давомийлигини 25 йилга оширади

2022 йилда тиббиётда йирик кашфиёт юз беради. Дори воситаларидан ҳужайралар даражасида жараёнларни бошқарадиган ва уларнинг ҳаётини узайтириши мумкин бўлган коктейль ишлаб чиқилади. Лаборатория сичқонларида ўтказилган тажрибалар ҳаёт давомийлиги 30 фоизга оширишини кўрсатмоқда. Одамлар учун бу ҳаётнинг 25 фоизга узайишини англатади.

Бундан ташқари, янги дори қаришни секинлаштириш ва ҳатто эски ҳужайраларни ҳам ёшартириш имконини беради. ДНКни таҳрирлаш бўйича янги ёндашувлар ёш ўтгани сайин саломатликнинг ёмонлашишига сабаб бўлган кўплаб касалликлардан деярли халос бўлиш имконини беради. 

Ҳаёт давомийлиги борасидаги аҳамиятли илгарилаш ҳақиқий ютуқ бўлса-да, у ахлоқий ва молиявий масалаларни келтириб чиқаради. Ҳар бир одамнинг ўртача 115 йил умр кўриши пенсия тизими учун нимани англатади? Шунча миқдордаги одамларни тўйдириш учун озиқ-овқат етарли бўладими? Янги доридан ҳамма фойдаланиши учун имконият яратиш керакми?

Гипертовушли технологиялар ривожланиши янги совуқ уруш ва космик пойгага олиб келади 

Хитой гипертовушли ракетани синовдан ўтказганидан кейин унинг муваффақияти АҚШ учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ана шундан кейин фазога чиқа оладиган гипертовушли аппаратлар иқтисодиётда ҳам, мудофаа соҳасида ҳам Вашингтон ва Пекин рақобати марказида бўлади. Пойгага илғор ҳарбий техникага эга бошқа ўйинчилар – Россия, Ҳиндистон, Исроил ва Европа Иттифоқи ҳам қўшилади.

Гипертовушли технологиялар ривожланиши совуқ уруш давридан бери мавжуд бўлган кўп йиллик статус-квони бузиши мумкин. Улар кафолатланган ўзаро йўқ қилишнинг асосий тамойилини хавф остига қўяди – биринчи ядровий зарба берилган тақдирда гипертовушли ракеталар қитъалараро баллистик ракетанинг жавоб ҳужумини тўлиқ бартараф этиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун пойга оммавий тус олади: ҳеч ким ўзини ортда қолган деб ҳис этишни истамайди.

Бу эса гипертовушли ишланмалар билан шуғулланадиган компанияларнинг тезкор ривожланиши, анъанавий қуролланган кема ва самолётлар учун қурилмалар ишлаб чиқарувчи компаниялар инқирозига олиб келади.

АҚШда конституцион инқироз бошланади

Демократлар ва республикачилар ўртасидаги зиддият ўз чегара нуқтасига етади. Конгрессга ўрта муддатли сайловларда республикачилар ғалаба қозониш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр. Демократлар эса қўрқувни кучайтириш учун оммабоп бўлмаган кампания олиб боришади.

Сайловлардан кейин бир томон ёки бир вақтнинг ўзида ҳар иккала томон овоз бериш натижаларини тасдиқлашга қарши чиқади. Натижада Конгресснинг янги таркибини шакллантириш мумкин бўлмайди ва у режалаштирилганидек, ўз ишини 2023 йилнинг 3 январь куни бошлай олмайди.

Жо Байден президент декретлари ёрдамида мамлакатни бошқаришни давом эттиради. Олий судда консерватив руҳдаги судьялар сони кўп бўлгани учун Демократик партия сайлов натижалари кўриб чиқилишига қарши чиқади. Шу сабабли АҚШда демократия тўхтатилади. Мамлакатни тўлақонли конституцион инқироз қамраб олади. 

АҚШ активлари ўта волатил бўлиб қолади, доллар тушиб кетаётган бир пайтда АҚШ облигациялари даромадлилиги ўсади. 

Евроиттифоқ пенсия жамғармаларидан тўлдириладиган Суперфонд ташкил этади

АҚШ томонидан Европага совуқ уруш даврида берилган «хавфсизлик соябони» дунёнинг умуман бошқа томонида жойлашган Хитой Вашингтоннинг асосий ҳарбий ва иқтисодий рақибига айланиши муносабати билан йўқолиши мумкин. ЕИ мустақил тарзда мудофаани мустаҳкамлаш, бир вақтнинг ўзида бошланаётган иқтисодий инқироздан азият чеккан иқтисодиётларга туртки бериш усулини излайди. 

Франция президенти Эммануэль Макрон Италия бош вазири Марио Драги кўмагида 3 триллион евро миқдорида ЕИ Суперфондини яратишни таклиф этади. Фонд мудофаани таъминлаш, шунингдек, иқлим ўзгаришлари ва тоза энергияга ўтиш муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради. Европа аҳолиси қариётгани, шунингдек, шусиз ҳам юқори бўлган солиқлар ҳисобга олинса, сиёсатчилар фондни даромад солиғини ошириш ҳисобига молиялаштириб бўлмаслигини тушунишади.

Франция 40 ёшдан катта барча ишчилар пенсия активларини Суперфонднинг паст даромадли облигацияларга мажбурий ўтказишни таклиф этади. Паст даромадли облигациялар аслида Евроиттифоқ облигациялари саналади. Тизим шу даражада муваффақиятли бўладики, Европада даромад солиғи аста-секин пасаяди.

NFT асосидаги мусиқа тарқатиш хизматлари туфайли Spotify инқирозга юз тутади

Даромаднинг 75 фоиздан ортиғини оладиган, стриминг платформаларида мусиқа тинглашдан келадиган тушумнинг адолатсиз тақсимланиши моделидан норози бўлган мусиқачилар рақамли ҳуқуқларни бевосита тингловчиларга сотиб, мусиқани NFT асосидаги сервислар ёрдамида тарқата бошлайди.

Бу мусиқачиларга реал вақт режимида даромад олиш ва уни даллоллар билан бўлишмаслик имкониятини беради. Тингловчилар эса қолган барча нарсалардан ташқари, пул бевосита севимли ижрочиларига бораётганини англашади.

2022 йилда Кэти Перри, Жейсон Деруло ва The Chainsmokers мусиқаларини NFT асосидаги сервислар орқали таклиф эта бошлайди. Бошқа ижрочилар эса ўз композицияларини инқирозга учраётган анъанавий оқимдаги платформалардан олиб ташлашади: Spotify бир йилда қийматининг 33 фоизини йўқотади. Инвесторлар NFT’нинг фильм, китоб ва бошқа контентни сотишдаги салоҳиятини кўра бошлайдилар.

Top