Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳозирги кунда қудратли давлатларнинг глобал даражадаги рақобати очиқ-ойдин ва қатъий давом этаётганини ҳамда бу қарама-қаршилик Марказий Осиё минтақасида ҳам кузатилаётганини афсус билан таъкидлади.

У тарихан йирик давлатларнинг геосиёсий манфаатлари ва яширин даъволари тўқнашадиган Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўз суверенитети ва давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўрмаса, йирик кучларнинг ўзаро рақобати кескинлик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Марказий Осиёдаги жараёнларда иштирок этаётган йирик давлатларнинг манфаатлари турлича бўлиб, улар баъзан умумий нуқталарга эга бўлиш билан биргаликда, айрим ҳолларда ўзаро зиддиятли ҳамдир. Бу манфаатлар қанчалик хилма-хил бўлса-да, улар мавжуд ва тарихий, жуғрофий омиллар ҳамда глобал тенденциялар билан чамбарчас боғлиқ. Шубҳасиз, бундай давлатлар интилишлари тўқнашуви минтақа мамлакатлари манфаатларига жавоб бермайди, чунки улар Марказий Осиё давлатлари олдига баъзан «геосиёсий танлов» шартини қўяди ва бунда бир томонга ёндашиш бошқа томон билан муносабатларда кескинликни келтириб чиқариши мумкин.

Табиийки, ҳар қандай суверен давлат халқаро майдонда ташқи кучларнинг манфаатларига қараб эмас, ўз эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда эмин-эркин ҳаракат қилишни, ўз иродасини турли томонлар босимига бўйсундирмасликни хоҳлайди. Аммо замонавий халқаро муносабатлар тизими «асимметрик манфаатлар» билан боғлиқ вазиятлардан мустасно эмас», деган дипломат.

Бу борада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ана шундай вазиятларнинг олдини олишга, миллий манфаатлар поймол бўлишига йўл қўймасликка, шерикликдан манфаатдор бўлган ҳар бир томон учун тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларни таъминлашга қаратилган.

«Биз дунёнинг йирик давлатлари рақобати минтақамиз мамлакатлари учун салбий оқибатларга олиб келишини истамаймиз. Ахир тарихга назар ташлайдиган бўлсак, афғон можаросининг келиб чиқиши дунё бўйича тарқалган иккита сиёсий тизимнинг «совуқ уруш» йилларидаги глобал қарама-қаршилиги билан боғлиқ эканини кўриш мумкин.

Биз у ёки бу позицияни танлашда фақат маълум ташқи кучларнинг фойдасинигина кўзлашга мажбур бўлмаслигимиз керак. Бизнинг сиёсатимиз ва аниқ халқаро масалалар бўйича позицияларимиз, энг аввало, миллий манфаатларимиз, шунингдек, минтақанинг хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлаш зарурати билан боғлиқ», дейди Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида.