Аммо ўтмишда бу икки давлат душманлиги маълум илиқлик даврларини ҳам бошдан кечирган. Масалан, Брежнев ва Никсон учрашувлар ўтказган, қатор режаларни амалга оширган бўлсалар, Горбачев ҳамда Рейган даврига келиб, тинчлик рамзи остидаги дўстона лойиҳалар шу қадар кўпайиб кетдики, илк бор кузатганда бу икки давлат азалий ҳамкорлар деб ҳам ўйлаш мумкин эди. Бундай рамзий ҳаракатлар бир қарашда оддий ташрифлардан тортиб нафақат икки давлат, балки бутун дунё аҳамиятига молик ҳужжатлар имзоланишигача борганди.
Саманта Смит СССРда
1982 йилда Брежнев вафот этади ва КГБ раҳбари Юрий Андропов СССР етакчисига айланади. Аммо дунё ҳамжамияти уни жуда совуқ кутиб олади. Андроповнинг ўзи ҳам бировга ишонмайдиган, фақат мамлакатнинг қуролли қудратига суянишни афзал биладиган, ўта принципиал раҳбар эди. АҚШ президенти Роналд Рейган СССРни очиқдан-очиқ ёвузлик империяси деб атайди ва бу ҳолат давлатлараро муносабатнинг нақадар совуқлигини англатиб турарди.

Шунингдек, жуда кўпчилик негадир Андроповнинг ядро қуролидан фойдаланишига, икки давлатнинг атом уруши бошланишига ишониб қолганди. Time журнали ўша йили Андропов ҳақида туркум мақолалар чоп этади. Мэн штатида яшовчи 10 ёшли Саманта Смит онасидан “Андроповдан ҳамма қўрқаркан, нега ундан ҳеч ким уруш бошлаш нияти бор ёки йўқлигини сўраб хат ёзмайди?” дея сўрайди. Онаси бунга жавобан: “Нега ўзинг сўрамайсан?” дейди ва Самантанинг машҳурлигига туртки беради.
Саманта Андроповга “Сиз атом уруши тарафдоримисиз? Нега АҚШни босиб олмоқчисиз?” деган мазмунда хат ёзади. Унинг хати “Правда” газетасида эълон қилинади. Андропов унга жавобан “СССР ҳеч ким билан урушмоқчи эмас. Биз тинчлик тарафдоримиз. Сен юртимизга меҳмонга кел ва ўз кўзинг билан кўр”, дея жавоб йўллайди.
Саманта Смит СССРга келади, Москва, Ленинград, Қримдаги “Артек” оромгоҳида бўлади. Унинг бу ташрифи икки давлат дўстлиги рамзи сифатида кенг ёритилади.

Ёш қизалоқ машҳурлик ортидан фильмларда суратга туша бошлайди, интервьюлар беради, қоплаб хатлар олади. СССРдаги ҳар бир бола уни ўзининг дўсти ҳисоблаган бир пайтда Саманта ва отаси авиаҳалокатда аянчли ўлим топади. Икки давлат ўртасида тинчлик тимсолига айланган қизалоқ ўша пайтда 13 ёшда эди.

















