Жаҳон | 13:59 / 11.12.2021
51477
8 дақиқада ўқилади

Ер тўғрисида ишониш қийин бўлган 6та ғаройиб факт

Мақолада уранни ютиб юборувчи микроорганизмлар, сайёра ядросидаги олтин захираси ва қурбақа ёмғирлари тўғрисида сўз боради.

Фото: Pixabay

1. Радиоактив уран ва нефть билан нафас олувчи бактериялар мавжуд.

Одатда “радиация” сўзини эшитганда кўпчилик кўзга кўринмас, унга тегиб кетган барча нарсани ўлдирадиган кучни тасаввур қилади. Аслида шундай организмлар борки, улар ионлаштирувчи нурланишни ўз фойдаси йўлида қўллайди.

Фото: Clemens van Lay / Unsplash

Масалан, АҚШнинг Колорадо штати Рифле шаҳарчасидаги эски конда радиоактив уранни қандайдир йўл билан ўзлаштирадиган Geobacter бетапротеобактерия штамми аниқланди. У уранни ўзининг метаболик реакцияларида одамлар кислороддан фойдаланган тарзда қўллайди. Яъни у том маънода уран билан нафас олади. Назарий жиҳатдан бактериялар моддани инерт ва зарарсиз қилиб, шу тарзда радиоактив чиқиндиларни тозалайди. Шу тариқа катта фойда келтириши мумкин. Бундан ташқари, Geobacter’нинг бошқа турлари ҳам бор. Улар нефть бирикмалари ва темир оксидлари, яъни зангни ейди.

Умуман олганда, агар инсоният ўзининг ўйламай қилган ҳаракатлари билан Ер экотизимига зарар келтиради ва барча тирик жонзотлар қирилиб кетади деб ўйласангиз, билингки, хавотирланишга ўрин йўқ.

Ҳатто сайёра бутунлай радиоактив ёмғир ва нефть маҳсулотлари билан қопланса ҳам, Ердаги ҳаёт Geobacter кўринишида сақланиб қолади. Улар эса кўп ҳужайрали организмларга айланиб, оёққа туради ва ғилдирак ихтиро қилади.

2. Баъзида Ерга қурбақа ва балиқ ёмғири ёғади

Фото: Adam Currie / Unsplash

Кўпинча осмондан Ерга турли нарсалар тушади. Одатда бу сув бўлади. Шундай вақтлар ҳам бўладики, одамлар бошига ғаройиб объектлар ёғилади. Гап фақат метеоритлар ҳақида эмас. Масалан, 2005 йилда Сербияда булутлар майда қурбақалар ёмғирини олиб келди. Шунга ўхшаш ҳолат 2007 йилда Испаниянинг Аликанте провинциясида юз берди. Метеорологик кузатувлар тарихида балиқ, креветка ва қарға ёмғири ҳам кузатилган.

Бироқ шу турдаги даҳшатли катаклизм 2007 йилда Аргентинанинг Сальта провинциясида юз берди. У ерда ўргимчак ёмғири ёғганди.

Кимдир бундай воқеага гувоҳ бўлгач, уни дуойи бад деб ҳисоблайди. Аслида бундай ҳодисаларни илмий нуқтайи назаридан тушунтириш мумкин. Вақти-вақти билан кучли торнадолар ҳавога турли нарсаларни олиб чиқиб, бир неча ўн километрга олиб кетади, кейин эса ўша нарсалар ерга тушади. Одатда бу ёнғоқ, уруғ, тош ёки тузга ўхшаш жонсиз нарсалар бўлади. Бироқ айрим вақтларда шамол турли майда жониворлар, қушлар ва ҳашаротларни ҳам ҳавога олиб чиқади.

Бахтсиз жонзотлар ҳаво ҳарорати паст бўлган атмосфера қатламларигача жуда баландга кўтарилганида ерга музлаган ҳолда тушиши ҳолатлари ҳам бўлади. Бироқ кўпинча қушлар ва сув жонзотлари омон қолади, ҳушига келиб, янги манзилларни ўзлаштиради.

3. Стромболи вулқони 13 минг йил давомида узлуксиз отилади

Фото: Steven W. Dengler / Wikimedia Commons

Вулқон отилиши одатда ҳалокатли, камдан кам учрайдиган ва қисқа муддатли ҳодиса сифатида қабул қилинади. Тоғ ҳеч кимга халақит қилмаган ҳолда туради, кейин эса портлайди ва бутун бир бошли Помпейларни Ер юзидан йўқ қилади. Бироқ шундай вулқонлар ҳам бўладики, улар учун доимий равишда, тўхтамасдан отилиш одатий ҳол.

Масалан, Сицилиядан шимолда Стромболи оролида жойлашган вулқон мана 13 минг йилдирки, узлуксиз равишда лава, кул ва газ чиқаради. 15-20 дақиқалик танаффус билан портлайди ва баландлиги бир неча юз метр бўлган лава ва кул чиқаради. Унинг қип-қизил нури қоронғиликда узоқ километрдан ҳам кўриниб тургани учун “Ўртаер денгизи маёғи” деб аталади.

Ақлсизлик бўлиб туюлиши мумкин, бироқ вулқон этагидаги оролда одамлар яшайди. Ҳақиқий ҳалокатли отилиш бу ерда кам кузатилади. Сўнгги ана шундай вулқон отилиши 1930 йилда бўлган ва кўчкилар, тошлар қулаши, бир неча уйлар бузилиши ва камида олти нафар кишининг ўлимига сабаб бўлган. 2002 йилда ҳам яна шундай ҳолат бўлгани сабабли аҳолини эвакуация қилишга тўғри келган. Шунга қарамай, орол аҳолиси ўз уйларига яна қайтиб келган.

4. Сайёрамиз олтин захирасининг 99 фоизи унинг ядросида яширинган

Фото: Jingming Pan / Unsplash

Олтин ноёб металл бўлгани учун қиммат. Олтин конларини топиш учун геологлар кўп вақт ва куч сарфлайди. Бироқ улар конларни ҳақиқатан ҳам чуқурроқ ковлай олишганида ва эриган жинсларни ажратиб олишганида қимматбаҳо металлнинг кўпроқ миқдори ихтиёримизда бўларди.

Бристоль университети тадқиқотчилари сайёрамизда мавжуд олтин ва платинанинг катта қисми унинг қобиғида эмас, балки энг чуқурликда, ядронинг ёнида эканини аниқлашди. Ҳисоб-китобларга кўра, у ерда камида 1,6 квадриллион (бу 15та нолли сон) сариқ олтин мавжуд. Агар ядродан олтин ва платина ололганимизда сайёра юзаси тўрт метр баландликдаги қатлам билан қопланган бўларди.

Анча олдин, тахминан 4,5 млрд йил муқаддам, Ер эндигина шаклланганида у суюқ ҳолда бўлган. Барча олтин ядро ва унинг атрофидаги қобиққа оқиб кетган. Кейин эса сайёра совиган ва энг қаттиқ силикон шарга айланган.

Тахминан 3,9 млрд йил аввал сайёра астероид зарбасига учради. Ой ҳам бундан ўз улушини олди. Шунинг учун у ҳали ҳам кратерлар билан қопланган. Айнан шу астероидлар Ерга биз фойдаланадиган олтинни олиб келди. Яъни безакларимиз том маънода бошқа сайёрадан келиб чиққан.

Бироқ сайёрамизда айрим конлардаги олтин метеорит эмас, ўзимизники. Масалан, Аргентинада жойлашган Десеадо тоғ массиви. У ерда сайёра мантияси жинслари ҳаракати металларни Ер юзасига яқинроқ жойга ташлаган.

5. Ернинг магнит қутблари вақти-вақти билан ўзгаради

Фото: Jordan Madrid / Unsplash

Ҳа, айнан шундай. Вақти-вақти билан сайёрамиз магнит майдонининг қутби ўзгаради. Айтайлик, қўлингизга компас бериб, сизни ўтмишга 800 минг йил олдинга юборишса, унинг мили шимолни эмас, жанубни кўрсатган бўларди. Экваторни излайсиз, аслида эса Шимолий муз океанига келган бўласиз.

Бу ҳодиса Ер магнит майдонининг инверсияси деб номланади. Жараён тасодифан содир бўлади, сабаби эса ҳозирча номаълум. Бироқ инверсия бир зумда юз бермайди – бунга ўртача юз минг йил кетади. Сўнгги 83 миллион йилда қутблар тахминан 183 марта ўзгарган.

Жараён оммавий қирилиб кетишлар билан боғлиқ деган гипотезалар мавжуд. Ахир қутблар ўзгариши вақтида Ерга космик радиация кўпроқ тушади.

Умуман олганда, бу фақат тахминлар, холос. Қирилиб кетишлар ва Ер магнит майдонининг статистик боғлиқлиги топилмаган.

Бу сайёранинг оёғи осмондан бўлишини англатмайди. Агар шундай ҳодиса юз берса, компаслар синишига қараганда жиддийроқ муаммолар юзага келган бўларди. Масалан, айланиш атмосфера ҳавосини чиқариб юборарди. Бироқ бундай ҳолат эса юз бериши мумкин эмас.

6. Ердаги вируслар фазодаги юлдузлардан кўра кўпроқ

Фото: CDC / Unsplash

Ғаройиб жиҳати йўқ, тафаккур қилиш учун қизиқарли рақам, холос. Агар Ерни одамлар бошқаради деб ўйласангиз, хато қиласиз. Биз сайёранинг ҳақиқий хўжайинлари билан таққослаганда сон жиҳатидан камчилик қаторидамиз.

Гап шундаки, Ерда қарийб 19 нониллион (бу 30та ноль сонига эга рақам) муайян вирус бор. Улар биз кўрган фазодаги юлдузлардан 100 миллион марта кўп.

Бутун Ер юзидан йиғилган ОИТС вируси ош қошиққа жо бўлади. Одам танасида яшайдиган ана шу каби микроорганизмлар бир неча ўн нефть бочкасини эгаллайди.

Умуман олганда, сайёрадан йиғилган барча вируслар кичик тоғни ташкил этади.

Лайфхакер сайтидан олинди.

Мавзуга оид