17:50 / 20.12.2021
5746

Президентнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти учун ташкил этилган Call-марказ’га 1500дан ортиқ мурожаат келиб тушди

Кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва билдирилган таклифларга комплекс ёндашиш мақсадида мурожаатлар қатор йўналишларга ажратилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ходимлари билан «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусида очиқ мулоқот ўтказиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур очиқ мулоқот доирасида Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус Call-марказ фаолияти йўлга қўйилди.

ССВ матбуот хизмати хабар қилишича, Call-марказ’га шу кунга қадар тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакилларидан жами 1512 та мурожаат келиб тушди.

Тиббиёт ходимлари мурожаатларининг 783 таси (80 фоизи) ўз ечимини топган бўлса, 190 таси (20 фоизи) ижро жараёнида.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри (158 та), Қашқадарё (100 та) ва Фарғона (89 та), Андижон (82 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва билдирилган таклифларга комплекс ёндашиш мақсадида мурожаатлар:

  • бирламчи тиббий ёрдам
  • шошилинч ва тез тиббий ёрдам
  • ихтисослаштирилган марказлар фаолияти
  • илм-фан
  • олий тиббий таълим
  • тиббий-ижтимоий ҳимоя
  • фармацевтика
  • оналик ва болаликни муҳофаза қилиш
  • санитария-эпидемиология хизмати
  • хусусий тиббиёт
  • малака ошириш
  • соғлом турмуш тарзи
  • юридик хизмат
  • ўрта махсус тиббий таълим
  • давлат-хусусий шерикчилик каби қатор йўналишларга ажратилган.

Мисол учун, шу пайтгача йўлланган мурожаатларнинг 297 таси соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига, 109 таси тез тиббий ёрдам хизматига, 95таси ихтисослашган марказлар фаолиятига, 74 таси илм-фан йўналишига дахлдор. 

Юқоридагилардан: 

  • бирламчи тиббий ёрдам хизмати бўйича 204та;
  • тез тиббий ёрдам хизмати бўйича 80та;
  • ихтисослашган марказлар фаолияти бўйича 69та;
  • илм-фан йўналиши бўйича 72та мурожаат ўз вақтида ҳал қилинган.

«Агар тиббиёт соҳасига оид ғоя ва таклифларингиз бўлса, Call-марказ’нинг махсус 1295 рақамига мурожаат қилинг. 

Эслатиб ўтамиз, мурожаатларнинг аксарияти Call-марказ’га бириктирилган мутахассислар томонидан ҳал қилинса, бир қисми тиббиёт ходимлари билан бўладиган очиқ мулоқотда Ўзбекистон президентига тўғридан тўғри етказилади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Top