08:20 / 21.12.2021
9300

Андижон вилояти ҳокими: “Пиёда юришни тарғиб қилган маҳалла раиси, раҳбарларни Дубайга жўнатаман”

20 декабрь куни Андижон вилояти ҳокимлиги биносида Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг ўттизинчи сессияси ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Сессия кун тартиби бўйича вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг "Андижон вилояти ҳокимининг 2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2022 йилги режалари тўғрисида"ги мурожаати тингланди.

Вилоят ҳокими тўрт соат давом этган мурожаати давомида жорий йил ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишларга тўхталди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида танлаб олинган 31та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Қарийб 5 мингта якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланди, 113 та савдо мажмуаси ташкил этилди, 827 км йўл, 354 км ичимлик сув, 1147 км электр тармоқлари, 9,9 км табиий газ тармоқлари, 277 км ирригация, 37 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган.

Фото: Kun.uz

Мазкур ишларга 240 млрд сўм маблағ йўналтирилиб, 100 мингдан зиёд аҳолининг турмуш даражаси яхшиланган.

“2022 йилда 633 млрд сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда”, — деди вилоят ҳокими мурожаатида.

Шуҳратбек Абдураҳмонов аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботига катта эътибор қаратиш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Фото: Kun.uz

“Ҳозирги кунда вилоятда 5 минг 279та спорт иншооти мавжуд бўлиб, аҳоли ва ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган. 71 млрд сўм эвазига 50 км узунликда “Саломатлик йўлаклари” ҳамда 49 км узунликда “Велосипед йўлакчалари” ва 856 та воркаут майдончалари ташкил этилди. Бугунги кунга қадар аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшлар ўртасида қарийб 19 мингдан ортиқ оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ўтказилиб, уларга 890 минг нафардан зиёд ёшлар жалб этилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Андижон вилояти аҳолисининг жисмоний тарбия ва спорт тадбирларига қатнашиши 19 фоиздан 30 фоизга етказилди”, — деб маълум қилди вилоят ҳокими.

Шунингдек, Шуҳратбек Абдураҳмонов ўз маҳалласидаги хонадон вакилларини бир ой давомида эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юришига эришган маҳалла раислари ва профилактика инспекторларини Самарқанд ва Бухорога, уч ой давомида пиёда юришига эриша олган раҳбарларни эса Дубайга саёҳатга жўнатишга ваъда берди.

Фото: Kun.uz

Вилоят ҳокими тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ишлар қониқарсиз эканига ҳам тўхталиб, қуйидаги фикрларни билдирди:

“Масалан, патронаж хизмати, кадрлар танқислиги, тиббиёт муассасаларининг замонавий тиббий анжомлар билан таъминланганлик даражаси каби муаммолар бор. Шу каби камчиликларни бартараф этиш, фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, бу борада олиб борилаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида аҳоли орасида тиббий хизматдан рози ёки норозилигини билиш мақсадида сўровнома ўтказдик. Ушбу сўровнома ҳақиқатан тиббиёт соҳасида қилишимиз зарур бўлган ишларимиз кўплигини кўрсатди.

Сабаби, таҳлил якунларида сўровномада қатнашганларнинг 74 фоизи (744,5 минг нафар) кўрсатилаётган тиббий хизматни қониқарли баҳолади, 26 фоиз (269,5 минг нафар) аҳоли тиббий хизматдан қисман ва умуман норозилигини билдирди”, деди Шуҳратбек Абдураҳмонов.

Вилоят раҳбари соҳани ривожлантиришда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, Ўзбекистон президенти сайловолди ташрифи давомида Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси фаолиятини янада ривожлантириш бўйича топшириқ бергани ҳамда айни пайтда мазкур клиниканинг мавжуд бино ва иншоотларини тўлиқ замонавий архитектура ва шаҳарсозлик қоидалари асосида таъмирлаш учун 150 млрд сўм маблағ ажратилгани ҳақида маълумот берди.

Фото: Kun.uz

“Келгуси йили клиникани замонавий кўринишга келтириб, фойдаланишга топширамиз. Муассаса ишга тушганидан сўнг бирорта беморимиз Ҳиндистонга ҳам, республика марказларига ҳам бормайди. Клиника нафақат Андижон халқига, балки бутун водий вилоятларига, қолаверса, қўшни Қирғизистон фуқароларига ҳам хизмат кўрсатадиган барча 350 турдаги операция ўтказиладиган тиббиёт марказига айланади”, деди Андижон вилояти ҳокими.

Top