Хайрулло Бозоров: «Бу йилги мақсад битта – чемпионлик!»
Суперлига янги мавсумини кетма-кет уч ғалаба билан бошлаган ва ҳозирда турнир жадвали пешқадами бўлиб турган «Нефтчи»нинг муваффақиятларида Хайрулло Бозоровнинг ҳиссаси катта.
Фарғона вилояти ҳокими сўнгги 4 йилдан буён ўз анъаналарига эга клубга катта эътибор қаратмоқда. Бозоров таништирув маросимида 2024 йилда жамоа олдига илк марта чемпионлик вазифаси қўйилгани ва бунинг учун барча шароитлар яратилганини маълум қилди.

«Бу йилги мақсад битта, бу ҳам бўлса фақат – чемпионлик! Бош мураббийи Виталий Левченко ва жамоамизга ишонаман. Мавсумга юқори даражада тайёргарлик кўрилди, таркиб кучайтирилди. Мавсум якунида сизлар билан жамоамизни қучоқ очиб, чемпионлик билан табриклаш насиб қилсин», - деди Хайрулло Бозоров футболчиларнинг тақдимот маросимида.
«Чемпион бўлиш вақти келди» – Наманган вилояти ҳокими янги мавсум шиорини белгилади
«Навбаҳор» клубининг сўнгги йиллардаги муваффақиятида Наманган вилояти ҳокими ва жамоанинг биринчи рақамли ишқибози Шавкат Абдураззоқовнинг ҳисса катта бўлмоқда. Вилоят раҳбари сўнгги 3 йилдан буён жамоа олдига чемпионлик мақсадини қўйиб келаётган бўлса-да, Самвел Бабаян мураббийлигидаги жамоа чемпионлик совринини Наманганга олиб кела олганича йўқ. Шунга қарамай, «Навбаҳор» Осиё Чемпионлар лигасидаги натижалари орқали ўз номини Неймар, Бензема сингари машҳурлар билан бирга янграшига эришди.

Тақдимот маросимида Наманган вилоят ҳокими клуб Осиё Чемпионлар Лигасида тарихий натижа қайд этганини таъкидлаб, «Чемпион бўлиш вақти келди», дея янги мавсум шиорини белгилади. Чемпионликни Тошкентдан Наманганга олиб келиш учун эса Одил Ҳамробеков, Фаррух Сайфиев, Сиёвуш Ҳақназарий, Руслан Жиянов, Гиорги Никабадзе сингари номдор ўйинчилар таклиф этилганини маълум қилган.

Ҳоким Қашқадарё халқи чемпионликни кутаётганини айтди, Рўзиқул Бердиев ваъда берди
«Насаф» жамоасининг таништирув маросимида вилоят ҳокими Муроджон Азимов, клуб бош ҳомийси саналмиш «Шўртан газ-кимё мажмуаси» раҳбарияти иштирок этиб, 2024 йилда Қашқадарё аҳли жамоадан фақат ва фақат чемпионлик кутаётганини маълум қилди.



















