Ўзбекистон | 18:55 / 14.12.2023
17961
2 дақиқада ўқилади

Андижон вилояти ҳокими сувчиларга 64 млн сўм тарқатди, бу ҳомийлик маблағлари экани айтилмоқда 

Шуҳрат Абдураҳмонов кўчада ишлаётган сувчиларни кўргач, 64 миллион сўм нақд пулни олиб, 16 нафар сувчига 4 миллион сўмдан тарқатган. 

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сувчиларга 4 миллион сўмдан мукофот пули берди. Бу ҳақдаги видео ҳокимнинг Телеграм-каналида эълон қилинди. 

«Шуҳратбек Абдураҳмонов ичимлик суви таъминотидаги носозликларни бартараф этаётган ишчи ходимларга 4 миллион сўмдан мукофот пулларини топширди», дейилади хабарда. 

 

Қайд қилинишича, Шуҳрат Абдураҳмонов кўчада ишлаётган сувчиларни кўргач, 64 миллион сўм нақд пулни олиб, 16 нафар сувчига 4 миллион сўмдан тарқатган. 

Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муслимбек Иброҳимов мукофот пулларининг манбасига аниқлик киритди

«Бу пуллар ишчиларнинг маошидан ташқари, қўшимча мукофот пуллари бўлиб, ҳомийлик маблағлари ҳисобланади. Шу сабаб бундан нафақат ишчилар, ўша ерда турганларнинг барчаси хурсанд бўлиб кетди. Вилоят ҳокими ишчиларнинг совуқда ишлаётганини кўриб, уларни рағбатлантирди. Уларнинг маоши қўшимча тарзда пластик карточкасига тушаверади, бу пуллар ойлик маошидан ушлаб қолинмайди», деди у. 

Унинг таъкидлашича, Шуҳратбек Абдураҳмонов сувчиларни мукофотлашдан ташқари, уларнинг ишига керак бўлувчи техникалари ва махсус кийим-кечакларини яхшилаш бўйича ҳам раҳбарларга топшириқ берган. 

«Вилоят ҳокими ўша ернинг ўзида ишчиларнинг кийим-кечаги, иш қуролларини янгилаш ва уларнинг молиявий манбаси ҳақида айтиб, раҳбарларга топшириқ берди. Шунингдек, сувчиларга янги йил байрами олдидан қўшимча эътибор бўлишини, ёрдам берилишини айтди», деди Иброҳимов.

Аввалроқ, Шуҳратбек Абдураҳмонов «Андижон» футбол клубининг албаниялик ҳужумчиси Рубин Ҳебайга автосалонга бориб, исталган автомобилни танлаши мумкинлигини, қолган футболчиларга эса «Iphone 14» смартфони совға қилинишини айтган эди.

Мавзуга оид