20:40 / 21.12.2021
19876

«Аниқ лойиҳаларни бошласин ёки ерни топширсин» — Президент вазирликларга эгаллаб турган ерлари бўйича ҳисобот бериш вазифасини қўйди

Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев вазирларга ажратилган ерлар масаласида тўхталиб ўтди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар қилишича, давлат раҳбари 2022 йилдан 7та вазирлик ва идора фойдаланишида бўлган 13 миллион гектар, ҳокимликлар захирасидаги 3,3 миллион гектар ернинг электрон харитасини тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш шартлигини кўрсатиб ўтган. Бугунги кунда 8 минг гектар ўрмон ерларида 27 мингта турар ва нотурар объектлар мавжуд бўлгани билан, ушбу майдон ўрмон фонди ерлари тоифасидан чиқарилмаган.

43 минг километр автомобиль йўлларида ер ажратиш қарори бўлмагани боис уларнинг чегараси ва муҳофаза зонаси қаерда бошланиб, қаерда тугаши ноаниқ. 7 минг километр темир йўллар ҳамда 820 минг гектар сув фонди ерларида ҳам шу каби муаммолар мавжуд.

Тегишли раҳбарлар олдига келгуси йил 1 июнга қадар ҳақиқатда эгаллаб турган ерларни хатловдан ўтказиш ишларни якунлаш ва натижаси бўйича ҳисобот бериш вазифаси қўйилган.

«Ушбу тоифадаги ерларнинг ҳисоби чиққанидан кейин ҳар бир вазирдан ўзига берилган ердан қандай фойдаланиши бўйича сўров бўлади. Уларга бюджетдан маблағ ажратиш ҳам шунга қараб бўлади. Шу боис ушбу вазирлар ҳозирданоқ ҳисоб-китобини қилиб, ажратилган ерларда аниқ лойиҳаларни бошласин ёки ерни топширсин», деди президент.

Қайд этилишича, кадастр соҳаси мутасаддиларига ишни қуйидаги йўналишларда ташкил этиш топшириғи берилган:

  • келгуси йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш;
  • ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш;
  • 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш;
  • ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш;
  • деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратиш.

«Ҳокимлар бир нарсани ўзларига ёзиб олсин. Деҳқон хўжалиги учун ерлар фақат танлов асосида ушбу маҳаллада яшайдиганларга, дафтарларга кирганларга, деҳқончилик тажрибасига эга бўлганларга устуворлик асосида берилади», деган президент.

Шу боис вилоят ҳокимларига бир ой муддатда келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни, энг аввало, захирага қайтарган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиб, лотларга бўлиб, танловга чиқариш топшириғи берилган.

Давлат раҳбари ер соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича Бош прокуратура тегишли масъулларининг фаолиятидан мутлақо норози эканини таъкидлади.

«Қонун билан ҳамма ваколатлар белгилаб берилди, жавобгарлик бир неча карра кучайтирилди. Лекин амалда қани?» деган президент.

Top