17:50 / 21.12.2021
25096

Импортни квоталаш: Вазир изоҳ берди, иқтисодчи савдони чеклашни бас қилишга чақирди

Ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов импортга тариф квоталари киритилиши халқаро тажриба эканини айтди. Иқтисодчи Миркомил Холбоевга кўра, “бизга бунақа зарарли халқаро тажриба керак эмас”. Агар савдони чеклаш давом этаверса, ЖСТга аъзоликдан айтарли наф бўлмайди, дейди у.

Фото: Shutterstock

Ҳукумат қарорига асосан, Ўзбекистонда 2022 йил 3 мартдан бошлаб импорт товарларга нисбатан тариф квоталари қўлланиши мумкин. Иқтисодчилар бу тартиб савдони чеклашнинг янги инструменти экани ва бундан энг кўп камбағал қатлам зарар кўришини айтмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов 21 декабр куни ёшлар форуми доирасида берган интервюсида шу ҳақдаги саволга жавоб қайтарди.

“Тўғри тушуниш керак. Импорт квоталари қачон керак бўлади, агар қарорни ўқисангиз, у ерда аниқ ёзилган. Бу дегани ҳамма [товарлар]га киритилади дегани эмас. Бу [қарор билан] ваколат бериляпти, агар шу нарса керак бўлиб қолса, жаҳон иқтисодиётидаги конюнктурадан, вазиятдан келиб чиқиб, эҳтиёж пайдо бўлиб қолса, қандай қилиб тартиб жорий қилинади.

Бу – барча давлатларда бор бўлган механизм. Буни нотўғри тушуниш керак эмас. “Ҳамма маҳсулотга квота қилинади, фақат таниш-билишга берилади, монополияга берилади” деган нарса йўқ”, – деди Сардор Умрзоқов.

Аввалроқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Kun.uz'да эълон қилинган “Квоталаш ниқоби остида...” сарлавҳали материал юзасидан раддия берган эди. Материалда ҳукумат қарори билан импорт квоталари жорий этилаётганига нисбатан уч нафар иқтисодчининг танқидий муносабати келтириб ўтилган.

Вазирлик раддиясида айтилишича, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 35дан ортиқ мамлакатда 1400га яқин тариф квоталари бор.

“Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича фаол сиёсат олиб бормоқда. Шу муносабат билан, тариф квотаси ташқи савдони давлат томонидан божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш воситаси ҳисобланади. Бу ЖСТга аъзо бўлгандан кейин шаклланадиган шартлар учун жуда муҳимдир.

Шу билан бирга, миллий бозорни ҳимоя қилиш воситаси сифатида тариф квотаси Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо давлатлар билан савдо-сотиқ музокараларида мамлакат позициясини мустаҳкамлаш имконини беради.

ЖСТ ташкилотга аъзо мамлакатларни ташқи савдони танловли тартибга солиш воситаларидан фаол фойдаланишга йўналтиради. Бу ички бозор ва миллий ишлаб чиқарувчиларни муҳофаза қилиш учун тариф квоталари қўлланишига тўлиқ тааллуқлидир”, – дея қайд этади ИТСВ матбуот хизмати ахборотида.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Вазирлик ҳукуматнинг 2 декабрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларга нисбатан тариф квоталарини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Низомда товарлар рўйхати шакллантирилмаганини қайд этган.

“Ўзбекистон ҳудудига айрим товарларни олиб киришда маълум миқдорда товарларга нисбатан паст ставка ва белгиланган миқдордан ортиқ олиб кириладиган товарларга импорт божхона тўловларининг амалдаги ставкалари қўлланади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тартибни қабул қилиш муносабати билан импорт қилинадиган товарларга нисбатан чеклов чоралари белгиланмаган”, дейилади раддияда.

“Ёмон тажрибани кўчириш шарт эмас”

Фото: Миркомил Холбоев / Facebook

Вазирлик муносабати юзасидан квоталашни танқид қилган иқтисодчилар фикрларига қизиқдик. Миркомил Холбоев ЖСТга аъзо давлатлар тариф квоталарини жорий қилгани тагида аслида қандай мақсадлар ётгани ҳақида сўз юритди.

“Ҳақиқатан ҳам кўплаб давлатларда импорт квоталари одатий тарзда қўлланадиган савдони чеклаш инструменти ҳисобланади. Лекин бу жиҳат унинг яхши инструмент эканини белгилаб бермайди. Яъни агар нима учун давлатлар ҳозир кўпроқ мана шу каби усуллар орқали савдони чеклашга ҳаракат қилишининг асл сабабларига эътибор қаратсак, унда квоталаш ҳақида яхшироқ хулосага эга бўламиз.

Тариф квоталари ёки бож бўлмаган яширин усулларнинг кўпайиб бораётганига асл сабаб – савдони бож билан чеклаш имкониятлари қийинлашиб бораётгани ҳисобланади. Яъни халқаро ташкилотларнинг ўрни ва таъсири ортиб бориши натижасида савдони божлар орқали чеклаш қийинлашиб бормоқда. Шу сабабли кўплаб давлатлар, савдони чеклашнинг турли бошқа усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилиб келмоқда, бу усулларга импорт товарларидан сифат сертификати, қандайдир лицензиялар талаб қилиш, ички ишлаб чиқарувчиларни субсидиялаш ва шу каби бир нечта бошқа яширин усуллар каби импортни тариф квотаси орқали чеклаш ҳам киради.

Импортни тариф квотаси орқали чеклашнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, белгиланган квота учун тариф ставкалари жудаям паст белгиланади. Мисол учун, Жанубий Кореяда импорт қилинадиган гуруч маҳсулотларининг квота миқдори (тахминан 400 минг тонна) учун божлар даражаси 5 фоизни ташкил этади (ажойиб, шундай эмасми?). Квота миқдоридан ошган ҳар кг импорт қилинган гуруч учун импорт божи 500 фоиздан юқорироқ кўрсаткични ташкил этади. Ўрнатилган квота ҳажми эса умумий истеъмолнинг тахминан 15-20 фоизини ташкил этади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ижобий халқаро тажриба сифатида эътироф этаётган тариф квоталар мавжудлиги учун кореялик истеъмолчилар жаҳон бозорига нисбатан гуручни 3-4 баробар қимматроқ сотиб олишга мажбур. Бу каби мисолларни квота ўрнатган исталган давлат учун топиш мумкин. Хулоса эса тариф квоталари – савдони божлар орқали ҳимоялаш қийинлашиб бораётган шароитда самарасиз ички ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш учун қўлланадиган бир воситадан бошқа нарса эмас”, – дейди Холбоев.

“Импорт монополлашади, истеъмолчилар қимматроқ тўлашга мажбур бўлади”

Иқтисодчи Миркомил Холбоев фикрларини давом эттираркан, импорт квоталари жорий этилишининг эҳтимолий салбий оқибатларига яна бир бор тўхталди.

“Кучга кириши кутилаётган низомга кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги квоталарни қайси импортёрларга бўлиб беришни ҳам ҳал қилади. Бу эса табиийки импорт ҳам янада монополлашишига олиб келади, яъни мавжуд квота бизнес импортёрлар учун жудаям фойдали, шу сабабли унга ҳамма эгалик қилишга ҳаракат қилади, охир-оқибат эса бу жараён соҳада коррупциянинг янада кучайиши, баъзи сиёсий жиҳатдан кучли шахслар ёки импортёр фирмаларнинг таъсири янада ортишига олиб келади.

Охир-оқибат ҳамма харажатларни истеъмолчилар юқорироқ нарх билан тўлашга мажбур бўлади. Ёки миллий ишлаб чиқарувчиларнинг квота ўрнатиш бўйича таклифлар билан чиқиши мумкинлиги ҳам худди шундай натижага олиб келади”, – дейди у.

ЖСТга қўшилиш катта ижобий ўзгариш ясамаслиги мумкин

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши 2021 йил охиригача ўтказилиши айтилган эди, йил тугашига эса ўн кун қолди.
Фото: Жаҳон савдо ташкилоти

Иқтисодчи протекционизм давом этиши шароитида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишдан истеъмолчиларга катта наф бўлмаслигидан хавотир билдирди.

“Агар биз савдони чеклашнинг янги-янги усулларини ўйлаб топаверсак, унда халқаро ташкилотларга қўшилишимиз аслида истеъмолчилар орзиқиб кутган ўзгаришларни олиб келмайди. Яъни халқаро ташкилотга қўшилган деган номни оламиз, холос. Амалда эса ҳеч нарса ўзгармайди.

Яна энг ёмони – давлат шу вақтгача импорт божидан олиб келган тушумларини йўқотади, лекин бу истеъмолчиларга эмас, балки ўша фойдани қайсидир маънода импорт билан шуғулланувчилар ҳамда самарасиз ички ишлаб чиқарувчиларга ўтказиб берган бўлади, холос.

Истеъмолчиларни янада камбағаллаштирадиган ташқи савдонинг бундай инструментлари бизга умуман керак эмас, чунки шундоқ ҳам ташқи савдо ёпиқлиги зарарини истеъмолчилар қарийб чорак асрдан буён ўз таналарида ҳис қилиб келмоқда. Божларни пасайтириб, уни квота каби бошқа тўсиқлар билан алмаштириш уларнинг ҳаётини яхшиламайди, балки ёмонлаштириши мумкин.

Хулоса шуки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тариф квотасини халқаро тажриба деб рўкач қилса-да, очиғи бизга бунақа зарарли халқаро тажриба керак эмас. Аммо ҳечқиси йўқ, халқаро тажрибанинг ҳам фақат зарарлиларини олишга ўрганиб қолганмиз. Истеъмолчилар эса камбағаллашишда давом этади”, – деди Миркомил Холбоев.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов вазирликнинг юқоридаги раддиясига муносабат билдириш ўринсизлигини, келтирилган важлар нотўғри эканини таъкидлади. Отабек Бакиров эса “бу ерда ҳеч қандай раддия кўрмагани”ни, ИТСВ “стандарт бюрократик гаплар билан чеклангани”ни айтди.

Top