Ўзбекистон | 07:33 / 22.12.2021
8409
2 дақиқада ўқилади

«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонаси сотувга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси ошкора рақобат тамойилларига асосланган савдо жараёни орқали сотилиши тўғрисида маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Агентлик хабарига кўра, савдо жараёнига “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Беш юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида барпо этилган ва “Hyatt” халқаро брендининг Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхонасига айланган.

У Ўзбекистонда халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарувида бўлган ягона беш юлдузли меҳмонхонадир. Меҳмонхона шаҳар марказида, Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларига қулай ва яқин масофада жойлашган.

Умумий ер майдони 3,1 гектар, бино ва иншоотлар майдони 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат бўлиб, мижозлар учун 300 та хона, жумладан, 248 та стандарт ва 52 та люкс/ярим люкс хоналар мавжуд.

Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 квадрат метр майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва SPA маркази мавжуд.

Мавзуга оид