07:55 / 24.12.2021
3919

Олий спорт маҳорати институти ташкил этилмоқда

Президентнинг “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Олимпия ва паралимпия захиралари коллежларини икки йиллик профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар учун уч йиллик “специалитет” дастури асосида кадрлар тайёрлайдиган ихтисослаштирилган Олий спорт маҳорати институти ташкил қилинмоқда.

Қуйидагилар:

а) институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни юқори даражада бажаришга қодир малакали кадрлар тайёрлаш;
  • илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш;
  • ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
  • замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

б) институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

  • спорт соҳасидаги спортчиларни тайёрлашнинг замонавий инновацион ва илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш;
  • халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси, биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядли, шунингдек, ўсмирлар учун биринчи, иккинчи ва учинчи спорт разрядига эга спортчиларни тайёрлаш;
  • спорт таълим жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини кенг жорий қилиш, спортчиларни юқори спорт натижаларига эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим тизимига етакчи хорижий таълим муассасалари тажрибасини жорий қилиш;
  • спорт менежерлари ва спорт маркетологларини тайёрлаш;
  • илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқув машғулотлари инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • истиқболли битирувчи спортчиларни чет эл спорт муассасаларига ва илмий-тадқиқот марказларига ўқишга юбориш орқали институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, ўқув машғулотларини ташкил этишнинг замонавий услубларини фаол такомиллаштириш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш.

Белгилаб қўйилишича:

а) институт:

  • давлат олий таълим муассасаси – юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан жавоб беради;
  • республика олимпия ва паралимпия захиралари коллежи базасида – Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Фозилтепа кўчаси 38-уй манзилига жойлаштирилади;
  • Туризм ва спорт вазирлигининг ташкилий тузилмасига киради;
  • ректори туризм ва спорт вазири тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
  • битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этиладиган, магистратура даражасига тенглаштирилган, белгиланган намунадаги диплом берилади;
  • битирувчиларга танланган спорт тури бўйича “тренер”, “ҳакам”, “селекционер”, “спорт менежери” ҳамда “спорт маркетологи” мутахассисликларини бериш амалиёти йўлга қўйилади;
  • ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади;
  • б) таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 5-даражасига мос таълим дастурлари олимпия ва паралимпия коллежларига 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади.
Top