Ўзбекистон | 10:37 / 25.12.2021
12523
2 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳар ҳокими Маҳаллабай ишлаш агентлиги директори этиб тайинланди

Мирзоҳид Убайдуллаев Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари – Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозимига тайинланди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Мирзоҳид Убайдуллаев 1976 йилда Фарғона вилояти Фарғона шаҳрида туғилган, маълумоти олий. 1999 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабида таҳсил олган.

У ўз фаолиятини 1999 йилда Фарғона шаҳар Қиргули туман ҳокимлиги молия бўлими бюджет бўйича иқтисодчиси сифатида бошлаган. 2005 йилдан Фарғона вилояти Ғазначилик бошқармаси тизимида турли лавозимларни эгаллаб келган. 2014-2015 йилларда Фарғона вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи бўлган.

2015- 2016 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

2016-2020 йилларда - Фарғона вилояти Марғилон шаҳар ҳокими. 2020-2021 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Мирзоҳид Убайдуллаев тайинловга қадар Фарғона вилояти Фарғона шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид