18:26 / 28.12.2021
22671

Ўзбекистонликларни Боливия, Колумбия ва Мексика орқали Америкага юбормоқчи бўлган гуруҳ аъзолари қўлга олинди

Фото: Видеодан кадр

ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари 2 нафар фуқарони 60 минг доллар эвазига ноқонуний равишда АҚШга юборишини айтиб, олдиндан 20 минг доллар олган фирибгарларни қўлга олган.

Қайд этилишича, тезкор тадбир давомида Самарқанд туманида яшовчи, 1985 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар шахс Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 2 кишини Америка Қўшма Штатларига юбориш учун уларнинг ҳар биридан 30 минг доллардан, жами 60 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтларида ушланган.

Суриштирувлардан сўнг қонунбузарлар Ўзбекистон фуқароларини “Ўзбекистон–Туркия–Боливия–Колумбия–Мексика–АҚШ” йўналиши орқали манзилига етказиб қўйишни режалаштиргани аниқланган.

Улар мижозларига йўлга чиқишдан аввал ПЗР-тест маълумотномасига ва ҳисобида 4 минг АҚШ доллари бўлган VISA-картага эга бўлишлари кераклиги ҳамда ҳар бир давлат ҳудудида уларни кузатиб қўювчи шахсларнинг талабларини, жумладан, Амазонка дарёсининг Колумбиядан оқиб ўтувчи қисмидан ва Мексиканинг ўрмонларидан ўтиб олиш бўйича талабларини бажаришлари зарурлигини тушунтиришган.

Бундан ташқари, тезкор тадбир давомида ҳибсга олинган шахсларда 60 нафардан ортиқ фуқаронинг паспорт нусхалари борлиги ҳам аниқланган.

“Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Аввалроқ “Америка орзуси” йўлида минглаб одамлар қатори ўзбекистонликлар ҳам жонини хатарга қўяётгани, Мексика ва АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Top