13:08 / 03.01.2022
53076

Рамзан Қодиров феномени: Кичик ҳудуд раҳбари қандай қилиб “катта вазнли” сиёсатчига айланиб қолган?

“Мен Аллоҳнинг қули, Путиннинг аскари, халқнинг хизматкориман!” – усталик билан тизилган бу жумла Россиянинг митти, аммо ўта аҳамиятли ҳудуди Чеченистон раҳбари Рамзан (Рамазон) Қодировга тегишли. Қодировнинг бугунги Россиядаги сиёсий вазни катталигидан, баъзи экспертлар унинг қуюшқон ва назоратдан чиқиб кетиши ҳақида ҳадик билан фикр билдирадилар.

Фотоколлаж: Kun.uz

Умуман, сиёсий саҳнанинг шундай ўйинчилари борки, уларни ё ёмон, ё яхши кўришади. Рамзан Қодиров айнан шундай раҳбарлардан ҳисобланади. Ким учундир у энг мураккаб республикада тинчлик ўрната олган ва фаровонликка эришган қаҳрамон, яна ким учундир шафқатсиз ҳамда ўзига хон, кўланкаси майдон диктатор.

Қодировнинг ўзи мақтовлардан хурсанд бўлса-да, танқидларни писанд қилмайди, инсон ҳуқуқлари, дунёвий қонунлар, Россия Федерациясининг умумий қоидаларига оид тушунчаларга кўп ҳам бўйсунмайди. Чеченистон фақат унга ажратилган ҳудуд деган ақидага амал қилади ва ўзини фақат олий раҳнамо – Путиннинг олдидагина ҳисобдор санайди.

Президент Путин эса унинг барча инжиқликларига кўз юмади, истаганича қўллаб-қувватлашга ва пул беришга тайёр. Лекин талаб битта – “чечен муаммоси” бўлмаслиги керак! Бу қандай муаммо эканига қуйида тўхталамиз.

Чечен урушлари

Собиқ иттифоқдан чиққан, аммо иқтисоди ўта абгор аҳволга тушган Россия яна бир жиддий муаммо – қатор ҳудудлардаги сепаратистик чақириқларга дуч келди. Уларнинг энг жиддийси Чеченистонда эди. “Мустақил Ичкерия” деб ном олган ўзига хос давлат тузиб олинган бу ҳудуд нафақат Россияга бўйсунмас, балки террористик хуружлар билан унга жиддий хавф солиб турарди. Вазият шубҳасиз уруш сари олиб борар, лекин бу урушнинг якуни бошланмасиданоқ аниқдек эди.

1994-1996 йиллар давомида олиб борилган биринчи чечен уруши “Чеченистон ҳудудида Россия конституцион тартибини қайта тиклаш” номи билан ўтказилган бўлса-да, амалда нафақат бундай бўлмади, балки ҳар икки томон урушнинг элементар қоидаларига амал қилмади. Жанговар руҳи ўта суст федерал кучлар ҳар қандай қуролни ҳар қандай объект ёки аҳоли пунктига тартибсиз йўналтираверган бўлсалар, мустақил Ичкерия қўшинлари чечен бўлмаган (асосан рус) аҳолини аёвсиз қириш ва қўпорувчилик, тинч аҳолини гаровга олиш билан жавоб қайтардилар.

Борис Ельциндек уқувсиз ва қайта сайланишга ишқибоз президент бошчилигидаги бу уруш унинг наздида ғалаба билан якунлангандек талқин қилинган бўлса-да, амалда Россия қўшинларининг Чеченистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши ва республика мақомини белгилаш бўйича қарор 2001 йилгача ортга сурилиши билан якунланди. Яъни шунча қон тўкилган урушда бирор натижага эришилмади.

Иккинчи чечен урушини кўпчилик Ельциннинг кетиши ва Путиннинг келиши билан боғлашади. Бу ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри. 1999 йилнинг 7 августида чечен айирмачиларининг Доғистонга ҳужуми ортидан бошланган бу уруш даврида ҳали Ельцин тахт тепасида эди. Аммо қариб қолган, ичкиликка муккасидан кетган, ҳамма учун эрмакка айланиб улгурган президентнинг жиддий қарорларни қабул қилиши чиндан шубҳа остида бўлган. 1999 йилнинг сўнгги кунида Ельцин президентликдан воз кечди ва абгор Россияни чечен муаммоси билан бирга Путинга қолдирди.

Ёш, қатъиятли ва энг муҳими полковник рутбасидаги янги раҳбар учун бу уруш принципиал масала эди. Катта-кичик ғалабалар, улкан йўқотишлар, адоқсиз қўпорувчилик ва оғриқ билан давом этган уруш натижасида сепаратистлар етакчилари бирма-бир йўқ қилинди.

Ота очган йўл

Чеченистонга барча тарафларни бирлаштира оладиган раҳбар зарурлиги аллақачон аён бўлган, Москва бундай раҳбар албатта маҳаллий аҳоли вакили бўлишини англаб етган ҳолда унинг мавқейи тинчликка хизмат қилиши зарурлигини тушуниб турарди. Рамзан Қодировнинг отаси – Аҳмадҳожи Қодировнинг зиммасига ана шундай масъулият юкланди.

Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент Ислом институтини тугаллаган Аҳмад Қодиров 1995-2000 йиллар оралиғида мустақил Ичкерияда муфтий вазифасини бажаргани, Исломнинг барча талабларини яхши билиши – энг муҳими, қон тўкилишини оқламаслиги билан умид уйғотганди. Мақсад бир қарашда тушунарли эди: Аҳмадҳожи Қодиров барча билан тил топиша оладиган муносиб номзод бўлиши зарур!

2000 йилда у муфтийликни топширди ва Чеченистон администрацияси раҳбарига айланди. 2003 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Аҳмадҳожи Қодиров 80,84 фоиз овоз олди. Аммо ҳожига узоқ кутилган тинчлик ўрнатиш насиб қилмади – 2004 йилнинг 9 май куни, байрам нишонланаётган трибунада портлатиб юборилди ва шу оннинг ўзидаёқ жон таслим қилди. Чеченистон яна етакчисиз ва мавҳумлик ичида қолди.

Катта саҳнага чиқиш

Рамзан Қодиров зудлик билан Москвага чақиртирилди ва унга шахсан Путиннинг ўзи бевосита ҳамдардлик билдирди. Энди республикани ким бошқариши масаласи яна кўтарилди. Кўпчилик бу пайтда анча кўзга кўриниб қолган Рамзан Қодировни бу ўринга муносиб кўра бошлаганди. Аммо амалдаги конституцияга мувофиқ 30 ёш талаби бўлиб, бу пайтда Рамзан энди 28 ёшга кирганди. Сайловлар бўлиб ўтди ва ички ишлар вакили Али Алханов Чеченистон президентлигига киришди. Рамзан Қодиров кейинчалик ҳукумат раиси лавозимига лойиқ кўрилди.

Аммо шу дақиқалардан бошлаб унинг сиёсий карьераси шиддат билан юқорилай бошлади ва энг юқори доиралардан бу йигитга умид билдирилаётгани сезилиб турарди. Ҳаммаси вақт масаласи эди ва шундай бўлди ҳам – 2007 йилда Али Алханов истеъфога чиқди ёки гўё “кўтарилди” ва Москвага ишга ўтказилди.

Биринчи чечен урушида Россия қўшинларига қарши курашган, иккинчи чечен урушида эса федерал қўшинлар тарафида туриб, айирмачиларга қарши курашган Рамзан Қодиров Чеченистоннинг тўлақонли раҳбари бўлди. У дастлаб “вазифасини бажарувчи” мақомида ишга киришган бўлса, тез орада ўтказилган сайловларда ўз мақомини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб олди.

Юқори рейтинглар

Бугунги кунда Рамзан Қодиров Чеченистоннинг азалий ва абадий раҳбари деган тушунча шаклланиб улгурган. Унинг муваффақияти сабаби оддий ва тушунарли – ҳудуддаги тинчлик учун унга истаганини беришади ва унинг ўзи ҳам хоҳлаган чораларни кўриш ҳуқуқига эга. Урушлардан чарчаган халқ айнан унинг қиёфасида тинчликка мужда кўрган бўлса, Путин бошлиқ федерал марказ Қодировнинг барча билан тил топиша олиши ва қатъиятига ишонч билдирган.

Рамзан Қодировнинг катта саҳнага чиқиши Россия иқтисодиётига нефть-газ экспортидан бемисл пуллар ёғилиши даврига тўғри келди. Бу пайтда Путиннинг рейтинги ҳам жуда баланд эди ва Рамзан Қодиров президент билан жуда яқинлигини яширмасди ҳам.

Кичкина республика учун ажратилган улкан дотацияларни Қодиров усталик билан ишлата олди. Дастлаб урушлардан вайрон бўлган инфратузилма тикланди, кейин кенг ҳажмли бунёдкорлик ишлари олиб борилди, ваниҳоят республика ҳудудида бир кишига сўзсиз бўйсуниладиган тизим яратилди.

Дастлаб “нима бўлса ҳам уруш бўлмасин” тамойили асосида таъминлаб турилган ҳудуд тез орада Россиянинг Ислом марказларидан бири сифатида бўй кўрсатди. Қодиров нафақат Россия, балки қатор хорижий давлатларда ҳам кутилган меҳмонга айланди. Айниқса, пойтахт Грозний шаҳри бугунги кунда туристларни оҳанрабодек торта бошлади.

Танқидлар

Қодиров бошқарувининг танқидчилари жуда кўп. Республика бюджетининг асосий қисми федерал бюджетдан қопланиши, яъни амалда бошқа ҳудудлар Чеченистон учун ишлаб бериши иқтисодчилар энсасини қотирса, Рамзаннинг фақат Путиннигина тан олиши сиёсатчиларнинг ғазабини қўзғатади. Ғарбда эса уни республика ҳудудида ўзига хос қонунлар ўрнатгани, давлат ичра давлат яратиб олгани, махфий қамоқхоналар ишлатиши ва энг оғири – йўриғига юрмаганларни шунчаки йўқотиб юборишини айтиб бонг уришади.

Россия ҳарбийлари ҳам безовта – бир неча марта Чеченистон ҳудудидаги Қодировга бўйсунувчи кучлар федерал қўшинлар билан зиддиятга борган, вазият шахсан Рамзаннинг аралашуви билангина тинчитилган бўлса, умуман республика ҳудудида алоҳида тузилмалар пайдо бўлиши келажакда уларга қарши курашиш зарурати пайдо бўлишидан хавотирланишади.

Лекин ҳозирча Рамзан Қодиров мувозанатни сақлай оляпти ва ўзига юклатилган энг муҳим вазифа – тинчлик ва нисбий бирликни барқарор ушлаб турибди. Владимир Путин “тахт” тепасида экан, бу иттифоқ давом этаверишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Аброр Зоҳидов

Top