21:28 / 22.04.2024
29064

«Новая газета Европа»: Рамзан Қодировга «ошқозон ости бези некрози» ташхиси қўйилган

Кремлдагилар Чеченистон раҳбарлигига янги одам қидираётгани айтилган. Асосий номзод — махсус топшириқли бўлинма командири Апти Алаудинов.

Фото: Алексей Никольский / Спутник / imago images / Scanpix / LETA

2019 йил январида Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировга «ошқозон ости бези некрози» ташхиси қўйилган. Бу ҳақда «Новая газета Европа» материалида айтилади. Нашр маълумотига кўра, Қодиров панкреонекроз ривожланган — бу касалликда ошқозон ости безининг бир қисми қурийди.

«Новая газета Европа» бу маълумотни қаердан қўлга киритганига аниқлик киритмаган. Бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ, чечен ҳукумати бу хабарга муносабат билдирмаган. 

Нашрга кўра, 2019 йилдан бери Қодиров бир йилда камида икки бор Москвадаги президент ишлари бошқармаси тасарруфидаги Марказий клиник шифохонада «мунтазам равишда, жумладан жарроҳлик» муолажаларини олади. Ўша йил февралида Қодиров республика бошқарувини бош вазир Муслим Хучиевга топшириб, ўзи гриппга чалинганини айтганди. Шу билан бирга, икки кун давомида ўзига капелница қўйилганини билдирганди. 2020 йил январида Қодиров «вақтинча ишлай олмаслиги» туфайли яна Чеченистон раҳбари ваколатларини вақтинча топширади.

«Новая»нинг тасдиқлашича, 2020 йил ёзида коронавирус билан касалланган Қодиров «эндокрин тизими билан боғлиқ жиддий муаммолар <…> туфайли зўриқиб қолади». 

Материалда айтилишича, 2022 йил баҳорида Чеченистон раҳбарининг саломатлиги «кескин ёмонлашиб боради». Натижада, деб ёзади нашр, буйрак етишмовчилиги ва ўпкада сув туриб қолиши Қодировда нафас қисишини юзага келтиради, у «гапиришга қийналадиган, имиллаб юрадиган ва чечен иқлими учун жуда иссиқ кийинадиган» бўлиб қолади.

2023 йил сентябр ойи ўрталарида телеграм-каналларда (хусусан, мухолифатдаги чечен телеграм-канали NIYSO’да) Қодировнинг соғлиги ёмонлашгани ва у гўёки «комага тушиб қолгани» тўғрисида хабарлар тарқалади. Хабарларда Чеченистон раҳбари Марказий клиник шифохонага ётқизилгани айтилган. «Новая газета Европа»нинг шифохонадаги манбаси тасдиқлашича, Қодиров бу ерга «„Дормикум“ транквилизатори меъёридан ортиқ қабул қилиниши оқибатида пайдо бўлган» ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келинган. Бу препарат «жарроҳлик амалиётидан олдин беморларни тинчлантириш учун» қўлланади, чунки фаол модда (мидазолам) «тинчлантирувчи ва ухлатувчи таъсирга эга». «Новая» маълумотига кўра, препарат гўёки кучли оғриқ, уйқусизлик ва жонсаракликдан азият чеккан Қодиров учун «самарали дори»бўлиб чиққан. Препаратни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш нафас олишда муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Нашр манбаси сўзларига кўра, Қодиров шундай ҳолатда Марказий клиник шифохонага ётқизилган. Чеченистон раҳбари сунъий нафас олдириш аппаратига уланган, тиббий кома ҳолатига туширилган.

2023 йил 20 сентябрида Қодировнинг телеграм-каналида у «тирик ва соғлиги» ҳақида пост жойланади. Унда республика раҳбари Марказий клиник шифохонага келгани, аммо бундан мақсад бу ерда даволанаётган амакиси Магомед Қодировни зиёрат қилиш бўлгани маълум қилинган. Қодировнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода Чеченистон раҳбари палатада шифохона койкасида ётган амакисининг олдида ўтиргани акс этган. 6 октябр куниёқ Қодиров ва унинг амакиси Грознийдаги масжид очилиши вақтида олинган видеога тушиб қолади. «Новая»нинг қайд этишича, бу видеода Магомед Қодиров «жуда тетик» кўринган, Чеченистон раҳбарининг «мазаси йўқлиги» билиниб турган. 

2023 йил сентябрда Марказий клиника шифохонаси Қодировнинг ҳолатини барқарорлаштиришади ва «унинг нисбатан лаёқатли ҳолатга қайтаради», деб тасдиқлаган «Новая». Шифохонадаги манбанинг сўзларига кўра, Қодировнинг мияси магнит-резонанс томография (МРТ) текширувидан ўтказилади, унинг натижаси «Қодировнинг яқинларини тушкунликка туширади». Нашр Давлат думаси депутати Адам Делимхановга (Қодировнинг яқин кишиларидан) алоқадор манбадан иқтибос келтиради, у республика раҳбарининг қариндошлари ташхисни қандай қабул қилишгани ҳақида гапирган: «Раҳбар олдингидек бўлмайди, [янги] касаллик [унга] жиддий таъсир кўрсатади. Агар у ҳозир тузалиб кетса ҳам, у энди на тирик, на ўлик бўлади». Нашр қандай «янги касаллик» ҳақида гап бораётганига аниқлик киритмаган.

Нашр маълумотига кўра, Қодировнинг саломатлиги мавзусига эътиборни камайтириш мақсадида Россия ҳукумати Чеченистон раҳбарида барчаси жойида эканини кўрсатишга қаратилган «пиар-кампания» бошлайди. Унда РФ президенти Владимир Путин ҳам қатнашиб, омма олдида Қодиров билан бир неча учрашув ўтказади. 2023 йил сентябрида Қодировнинг Москвага «ишчи ташрифи доирасида» ФВВ раҳбари Александр Куренков билан ўтказган учрашуви видеоси намойиш этилади. «Новая»нинг тасдиқлашича, учрашув Марказий клиник шифохона бош врачи кабинетида бўлиб ўтганди. Бир неча кун ўтиб журналист Ксения Собчак ўзига Қодиров видеоалоқа орқали қўнғироқ қилгани ҳақида хабар беради. Унинг сўзларига кўра, қўнғироқ вақтида Чеченистон раҳбари кешю ёнғоғини еб турган. «Агентство»нинг тахмин қилишича, атайлаб бу деталдан фойдаланилган, чунки шифокорлар буйрак етишмовчилиги мавжуд бўлган одамларга ёнғоқ истеъмол қилмасликни тавсия этишади (Қодировда буйрак етишмовчилиги борлиги ҳақида ўшанда «Эха Москва» собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ҳам хабар берганди). 

Пиар-кампания доирасида «федерал пиарчилар РФ президенти администрацияси билан келишган ҳолда» Қодировга унинг 15 ёшли ўғли Адам Никита Журавелни қандай калтаклагани акс этган видеони эълон қилишни маслаҳат қилишган. Видео Қодировнинг каналида 25 сентябр куни пайдо бўлади. Шундан кейин Адам Қодировга турли медаллар топшириш тадбирлари бошланиб кетади. «Новая»нинг қайд этишича, шунинг эвазига «Рамзан Қодировнинг хасталиги мавзуси тезлик билан ахборий кун тартибидан чиқади». 

Сентябр ойи охирида Қодиров Чеченистонга қайтади, шундан кейин республика раҳбари турли расмий тадбирларда қатнашгани тўғрисида кўп сонли хабарлар тарқатилади. Чеченистон ахборот вазири Ахмед Дудаев «Чеченистон Республикаси раҳбарининг ўн кунлик фаолиятидаги 50 пункт» ҳақида хабар бериб, буни «провокаторлар ва сафсатабозлар учун энг яхши жавоб» деб атайди

«Новая газета Европа»нинг таъкидлашича, айнан 2023 йил сентябрида РФ президенти администрацияси «Чеченистонда ҳокимият ўзгаришига тўғри келадиган вазият учун сценарий ишлаб чиқиш»га киришган. Нашр Қодировнинг вориси Чеченистон ИИВ раҳбарининг собиқ ўринбосари, «Ахмат» махсус топшириқли бўлинмаси командири Апти Алаудинов бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. 2024 йил апрелида у РФ мудофаа вазирлиги Ҳарбий-сиёсий ишлар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб тайинланган.

«Новая газета Европа» мақоласи эълон қилинишидан бир неча соат ўтиб Қодировнинг телеграм-каналида республика раҳбари «регионнинг Украинадаги махсус ҳарбий амалиётдаги иштироки масалалари бўйича» йиғилиш ўтказгани тўғрисида пост пайдо бўлди. Постга илова қилинган видео тўрт дақиқадан ошиқ давом этган. «Агентство»нинг эътибор қаратишича, Қодировни йирик планда жами 40 сонияга яқин кўрсатишган, аммо камера бирор марта Чеченистон раҳбарининг юзини уч сониядан кўп вақт ушлаб турмаган. Йирик план кўрсатилганда Қодиров бир ҳолатда қотиб ўтиради ва суҳбатдошларига қарамайди.

Top