17:55 / 04.01.2022
70001

“Даҳолар ичра даҳо, КХДР порлоқ қуёши” — Ким Чен Инни нега тахтдан ағдаришмайди?

Гугл ёки Яндекс қидирувида “Ким” деб ёзсангиз бас – Ким Чен Ин биринчилар қаторида кўриниш беради. Хўш, унинг бу қадар машҳурлиги сири нимада? Давлати қашшоқ, аҳоли оч, ташқи дунё билан алоқаларни деярли узган, унвонлари ҳам ўзи сингари кулгили бу ҳукмдор қандай қилиб дунё диққат марказида тура олади?

Фото: Юрий Смитюк/ТАСС

Жаҳонда диктаторлар кўп, қашшоқ мамлакатлар ҳам истаганча топилади, ғалати қилиқлари билан тилга тушган ҳукмдорлар ҳам талайгина. Аммо буларнинг ҳеч бири “Миллатнинг порлоқ қуёши” – Ким Чен Инга тенг кела олмайди. Умуман, Ким Чен Иннинг унвонлари жуда кўп:

  • КХДРнинг олий раҳнамоси;
  • КХДР маршали;
  • Даҳолар ичра даҳо;
  • Беқиёс дўст;
  • Ҳукмрон ва ягона партия – КХДР меҳнат партиясининг бош котиби;
  • Янги юлдуз ва ҳоказолар уни улуғлашда қўлланилади.

Дунёнинг энг машҳур оммавий ахборот воситалари Ким Чен Ин билан интервю уюштиришни орзу қиладилар. Наинки интервю, балки бирор мавзуда икки оғиз изоҳига маҳтал бўладилар. Унинг асосан Шимолий Корея марказий нашрларида чоп этилувчи мақолалари ёки фикрлари ҳам дунё ҳамжамияти томонидан диққат билан ўрганилади, ҳар бир иқтибоси сарлавҳаларга сабаб бўлади.

Яна бир қизиқ жиҳат – демократия ва халқ иродасидан асар ҳам бўлмагани ҳолда унинг давлати Корея Халқ Демократик Республикаси деб аталади.

Умуман, Корея яриморолидаги вазиятнинг ўзи алоҳида феномен. Яқин ўтмишда бир миллат, бир давлат бўлган бу ҳудуд ҳам ғоявий, ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий жиҳатдан шунчалар ёвлашиб қолишганки, шарт иккига бўлинганлари етмагандай икки хил тузумни қўллаб, бири беқиёс тараққиётга эришди, иккинчиси инига беркиниб олиш билан бирга таназзул сари одимламоқда.

Кўпчиликни бир савол қизиқтиради – нима учун Шимолий Кореядаги ўта шафқатсиз тузумга қарамай, дунё ҳамжамияти уни куч билан бўлса-да ўзгартиришга, Ким Чен Инни тахтдан ағдаришга ҳаракат қилмайди? Ахир қуюшқондан чиққан дея ҳисобланган Саддам Ҳусайн, Муаммар Қаззофий каби не-не ҳукмдорлар тахтдан ағдариб ташланди-ку.

Бунинг икки асосий сабаби бор:

  • биринчиси, Шимолий Кореяда ядро қуроли бор ва уни мунтазам такомиллаштириб бормоқда;
  • иккинчи сабаб йирик давлатлар КХДРдаги тузумни қоралашса-да, унинг ўзгаришидан кўп ҳам манфаатдор эмаслар.
Фото: Dong-A Ilbo via Getty Images

Иккинчи сабабга тўхталсак, АҚШга ғоявий душман ортидан ҳудудда ўз мавқеини ошириб бориш, ҳарбий базаларини жойлаши муҳим. Хитой ўз навбатида чегарасида ўзига тобе қўшниси сақланиб қолишини истагани ҳолда, Жанубий Корея билан бирлашиш ортидан АҚШ етиб келишини хоҳламайди. Япония азалий рақиби, икки Корея бирлашуви ва қудратли Корея давлати тузилишини кўп ҳам хушламайди. Россия шу ҳудудда АҚШ ва умуман ғарбнинг “кўзига қум бўлиб тушган” давлат борлигидан завқланади. Ва ниҳоят Жанубий Кореянинг ўзи ҳам ҳар қанча эзгу ниятда бўлмасин, Шимол тузумининг ағдарилиши ёки икки давлат бирлашуви ўз иқтисодига ақл бовар қилмас юк бўлиб тушишини англаб етади.

Ким Чен Ин шахсига қайтамиз. Расмий манбаларда 1982 йилнинг 8 январида туғилгани айтилади. Шу кунларда қирчиллама ёшга кирган Ким жаноблари ўзига оид маълумотларни ошкор этмасликни хуш кўради. Унинг қачондир Швейцарияда таҳсил олиб келгани, ғарб маданияти ва ошкоралигини кўргани ҳам оталарининг анъаналарига содиқ қолиши, ёпиқлик сиёсатини қўллашига таъсир қилмаган.

Ким Чен Ин шимол алоҳида давлат мақомини олганидан кейин туғилган дастлабки раҳбардир. Отаси Ким Чен Ирнинг учинчи хотини – балерина Ко Ён Хидан туғилган кенжа фарзанд бўлишига қарамай, айнан у валиаҳдликка танлангани ҳам очилмаган сирлардан бири. Бу жараён анча зиддиятларга тўла кечгани бир ҳолат билан исботини топади – 2017 йилда Ким Чен Иннинг катта акаси, бу давлатдан чиқиб кетган ва амалда ҳеч бир сиёсий ўйинларда қатнашмайдиган Ким Чен Намнинг Малайзиядаги аэропортда, кўпчилик кўз ўнгида очиқдан очиқ заҳарланиши ва кейинчалик азобларда ўлим топиши катта шов-шувларга сабаб бўлган. Деярли ҳамма бунда КХДР махсус хизматларини айблади, аммо амалда шимолликлардан ҳеч ким бу иш учун суд курсисига ўтирмади.

2011 йилнинг 17 декабрида отаси Ким Чен Ирнинг ўлимидан сўнг бошқарувни қўлга олган Ким Чен Ин нафақат аждодлари ғояларига содиқ қолди, балки уларни янги босқичга кўтарди. Яккаҳокимлик йўлида у дастлаб ўзига суянчиқ бўлган амакиси Чан Сон Тхэкни давлатга хиёнатда айблаб қатл эттириб юборди. Ғарб, хусусан АҚШ билан кескин сиёсат олиб борди, ядро дастурини фаоллаштирди.

Шу билан бирга, мамлакат баттар изоляцияга туша бошлади. Дастлаб санкциялар, кейин қурғоқчилик, ваниҳоят коронавирус пандемияси сабаб чегараларини тақатақ беркитиб олиш шундоқ ҳам ҳаминқадар яшаб турган аҳолини буткул қашшоқлик ва очлик жарига итарди.

Лекин шунга қарамай Ким Чен Ин тимсоли бу давлат ичра муқаддаслигича қолмоқда ва ҳеч ким унинг ғоясига қарши бориш уёқда турсин, кўзига тик қарашга ҳайиқади.

“Беқиёс дўст” ҳақида қизиқарли фактлар

1. “Янги юлдуз”нинг автомобилини ташрифлар чоғида ҳамиша 12 нафар норғул йигит пиёда чопганича қўриқлаб боради. Улар шу қадар ўз касбига содиқки, ҳар онда ҳукмдорлари учун жон беришга тайёр туришади. Шунингдек, унинг махсус зирҳли поезди тўхташи билан ташқи томони артиб тозалаб чиқилади, шундан кейингина бош котиб кўриниш беради.

Фото: Reuters

2. Шимолий Кореяда “Ким Чен Ин ҳожатга чиқмайди” деган тушунча чиндан ҳам бор. Бу хислат унинг отасида ҳам бўлганига ишонилган. Ростдан ҳам “Миллат раҳнамоси” умуман жамоат ҳожатхоналаридан фойдаланмайди. Самолёти ва поезди тушунарли, манбаларда ҳатто енгил автомобили ичида ҳам махсус ҳожатхона жойлаштирилгани айтилади.

3. 40 ёшини расман нишонлаётган “Порлоқ қуёш”нинг туғилган санаси ҳам баҳсли. Қатор ОАВ унинг аслида 1983 ёки 1984 йилда туғилганини таъкидлайди. “Беқиёс етакчи” бундай қилишидан мақсад ёшини улуғроқ қилиб кўрсатиш деб тахмин қилинади.

4. Швейцарияда яшаган пайтида француз пишлоқларини суйиб тановул қилган “Буюк маршал” кейинчалик бу егуликка қаттиқ ружу қўяди ва килолаб истеъмол қила бошлайди. Вақт келиб унинг вазни 140 килограммгача чиқиб кетади, соғлигида муаммолар туғилади ва ҳатто ҳушдан кетади. Шундан кейингина у парҳезга эътибор бера бошлади, ҳозир анча озиб ихчамлашиб қолган.

Фото: KCNA / Reuters

5. “Олий раҳнамо” баскетболни хуш кўради ва ўзи ҳам ёшлигида дурустгина ўйнаган. Бу спорт турига бўлган ҳурмати туфайли машҳур баскетболчи Деннис Родман бошлиқ АҚШлик спортчиларни КХДРга таклиф қилган ва махсус ўйин уюштирган.

6. Раҳнамонинг оиласи ҳақида ҳам маълумотлар кам. Хотини Ли Сол Чжу 1985-1989 йиллар оралиғида туғилгани маълум. Аммо Ким жаноблари хотини ҳақида кўп гапиришни истамайди, уч нафар фарзанди ҳақида ҳам фақат узуқ-юлуқ тахминлар бор холос.

Фото: IMAGO / ТАСС

Кўпчилик балки билмас – КХДР бир вақтлар Ўзбекистонда элчихона функцияларини бажарувчи ўз ваколатхонасини ҳам очган. Гарчи ишламаса-да, мамлакатимиз ҳудудида ўз расмий дипломатиясига эга бўлган. Ўзбекистон делегацияси бу давлатга расман бориб қайтган. Ёзувчи Эркин Аъзам ўзига хос бу давлат ҳақида “Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати” деб номланувчи қисса ҳам ёзган.

Аброр Зоҳидов

Top