АҚШ ва Жанубий Корея КХДРга нефт етказиб берилишини блокламоқчи
Вашингтон ва Сеул БМТ Хавфсизлик кенгаши санкцияларини бузувчи КХДРга нефт етказиб берилиши жараёнини қандай блоклашни муҳокама қилмоқда.
АҚШ ва Жанубий Корея янги ишчи гуруҳ тузди, унинг мақсади Шимолий Кореянинг БМТ санкцияларини четлаб ўтиб нефт олишига йўл қўймасликдир. 27 март куни Вашингтонда Кенгайтирилган мақсадли гуруҳ (EDTF)нинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Reuters.
«Нефт Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета ишланмалари ҳамда ҳарбий қудрати учун муҳим манбадир», — дейилади Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Шу муносабат билан Сеул ва Вашингтон Россия нефтининг КХДРга етказилиши эҳтимолидан хавотир билдирди.
Дипломатия, разведка, санкциялар ва денгиз таъминоти учун масъул вазирлик ва идораларнинг 30 дан ортиқ расмий вакиллари иштирок этган йиғилишда Москва ва Пхенян ўртасидаги ноқонуний ҳамкорликни тугатиш имкониятлари муҳокама қилинди. Иккиламчи санкциялар, шунингдек, хусусий сектор ва учинчи шахсларни назоратга жалб қилиш эҳтимолий чоралар сифатида кўриб чиқиляпти.
КХДРга Россиядан нефт етказиб берилаётган бўлиши мумкин
БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея ядро қуроллари ва ракета дастурлари бўйича санкцияларига кўра, мамлакатга йилига атиги 4 миллион баррел хом нефт ва 500 минг баррел қайта ишланган маҳсулотлар импорти рухсат этилган.
БМТнинг санкцияларни назорат қилувчи гуруҳи шу ойда Шимолий Корея байроғи остидаги танкерлар ўтган йилнинг 1 январидан 15 сентябригача 1,5 миллион баррелдан ортиқ нефт маҳсулотларини етказиб берган бўлиши мумкинлигини билдирди. Сунъий йўлдошдан олинган тижорат тасвирлари Шимолий Кореянинг нефт танкерлари, жумладан, санкция остидаги баъзи кемалар сўнгги ҳафталарда Россия портларига кириб борганини кўрсатади.
Шимолий Корея, ғарб разведкалари маълумотларига кўра, Россияни қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлаяпти. Москва ва Пхенян бу даъволарни рад этади.
Мавзуга оид
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
11:22 / 12.11.2024
Шимолий Кореядан қочганлар РФдаги КХДР кучлари орасида дезертирликка эришмоқчи
10:41 / 12.11.2024
КХДР Россия билан ҳамкорлик шартномасини ратификация қилди
20:11 / 10.11.2024