17:48 / 04.01.2022
17628

Манғистаудаги норозилик намойишларига Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари аҳолиси ҳам қўшилди

Манғистау областида аҳоли суюлтирилган газ нархи оширилганига қарши 2 январдан бери норозилик митинглари ўтказмоқда.

Фото: bureau.kz

Қозоғистоннинг қатор шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархи ошишига қарши Манғистау областида ўтказилаётган норозиликларни қўллаб-қувватлаш учун акция ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, энг кўпсонли митинг Ақтауда (Манғистау области маъмурий маркази) бўлиб ўтмоқда – бу ерда 16 мингга яқин одам тўпланган. Жанаўзандаги митингда 10 мингга яқин киши иштирок этмоқда.

Нурсултонда Ақтаудаги намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун телекўприк ташкил этиш талаб қилинган. Полиция бир неча кишини қўлга олган.

Олмаотада Республика майдони ёпиб қўйилган ва шаҳар марказида мобил интернет ишламаяпти.

Атирауда бир неча юз киши митингга йиғилган.

Бундан ташқари, Тараз, Чимкент ва Кўкчатауда ҳам одамлар митингга тўплангани хабар қилинмоқда.

Манғистау областида 2 январдан бери аҳоли суюлтирилган газ нархи оширилганига қарши норозилик митинглари ўтказмоқда.

3 январ куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республика ҳукуматига “Жанаўзандаги вазиятни зудлик билан кўриб чиқиш” бўйича топшириқ берганини маълум қилган.

Ўз навбатида, вазирлар маҳкамаси Манғистау областидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини ва газ нархини барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини билдирган.

Мавзу
Қозоғистонда газ намойишлари
2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау областида суюлтирилган газ нархи икки бараварга кўтарилганидан норози бўлган қозоғистонликлар оммавий митингга чиқишди ва кейинги кунларда намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди.
Барчаси
Top