14:50 / 06.01.2022
14696

2021 йилда аҳоли халқ қабулхоналарига энг кўп қандай масалалар билан мурожаат қилгани маълум бўлди

2021 йилнинг 12 ойи давомида президент виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналарига 1 млн. 600 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 53 фоизи ёки 865 мингтаси ижобий ҳал этилган. 

Фото: халқ қабулхонаси

2021 йилда келиб тушган мурожаатлар орасида ижтимоий нафақалар масаласи етакчилик қилган – 190 мингта мурожаат. Иш билан таъминлаш йўналишида 96 мингта, мажбурий ижро фаолияти, алимент ва қарз суммаларини ундириш – 94 мингта, банк кредитлари – 77 мингта, уй-жой билан таъминлаш – 68 мингта мурожаат тушган. Шунингдек, газ, электр энергияси таъминоти, ичимлик суви таъминоти ва меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ масалалар етакчи мавзулар бўлган.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келди – 197 мингта. Сурхондарё вилоятидан 181 мингта мурожаат келиб тушган. Тошкент шаҳридан эса 165 мингта мурожаат қабул қилинган. Шунингдек, Тошкент (155 минг), Самарқанд (150 минг) ва Фарғона (145 минг) вилоятларидан ҳам кўплаб мурожаатлар йўлланган.

2021 йилда энг кўп мурожаатлар Молия вазирлигига оид бўлган. 173 минг фуқаро шу йўналишда мурожаат қилган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлигига тегишли 122 мингта, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тааллуқли 105 мингта мурожаат келиб тушган. Бундан ташқари, худди шу даврда Мажбурий ижро бюроси, Бош прокуратура, Олий суд ҳамда Марказий банк ва тижорат банклари тизимига тааллуқли мурожаатлар сони ҳам анча катта бўлган.

2021 йилда вилоят, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари томонидан халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда 31 927 та сайёр оммавий қабуллар ўтказилди. Уларда 223 412 нафар фуқаронинг мурожаати бўйича 230 446 та масалалари тингланди. Шундан 130 533 та, яъни 56,6 фоиз масалалар қаноатлантирилди.

Top