Ўзбекистон | 16:58 / 10.01.2022
13635
2 дақиқада ўқилади

24 январдан кейин ОТМларда таълим онлайн форматга ўтказилмайди — вазирлик

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди.

“24 январдан кейин таълим жараёнлари онлайн форматга ўтказилмайди. Якуний назорат имтиҳонлари ўз вақтида бўлиб ўтади”, деди Абдували Холиқов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг айтишича, мамлакатдаги олий ўқув юртларида кундузги тарзда таълим олаётган талабаларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши ихтиёрий тарзда эмланган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда талабаларга қишки таътил муддати 13 кунга узайтирилганди.

Маълум қилинишича, 24 январга қадар молиявий мустақилликка эришган ҳамда кредит-модул тизимига ўтган барча ОТМлар раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари учун семинар-тренинглар олиб борилади. 

Шунингдек, талаба-ўқувчиларга ўз уйларидан таълим муассасаларига қайтишларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида авиа ҳамда темир йўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирма берилиши муддати ҳам 2022 йилнинг 24 январига қадар узайтирилди.

Бундан ташқари, 2022 йилнинг 11 январигача бўлган муддатга харид қилинган авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда тегишли муддатга алмаштириб берилади.

Мавзуга оид