21:40 / 20.01.2022
98144

“Сабрия” машмашаси: Сериалдаги беҳаё саҳна мавзуси Фирдавс Абдухолиқов шахсига уланиб кетди

“Sevimli” телеканалининг эгаларидан бири Амира Рашидова сериалдаги ўша эпизодни “ахлоқсиз” деб таърифлаб бўлмаслигини айтиб, режиссёрни ҳимоя қилиб чиқди. Лекин барибир отаси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтгани бўлди: ҳолат бўйича кескин чоралар кўрилди. Энди эса кун тартибига бошқа мавзу чиқди: Абдухолиқов ўз фарзандлари ва рафиқасига тегишли телеканалга давлат буюртмалари ва субсидияларини олиб бераётган бўлиши мумкинми?

Коллаж: Kun.uz

“Sevimli” телеканалидаги “Сабрия” миллий сериалида беҳаё саҳналар эфирга узатилгани ва бу танқидларга сабаб бўлгани ортидан телеканал бош директори ва бош муҳаррири ишдан олинди.

Бироқ энди масаланинг бошқа жиҳати аён бўлмоқда: “Sevimli” телеканалининг эгалари – Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли, қизи ва рафиқаси. Бу телеканалнинг камида учта миллий сериалида давлат буюртмачиси – айни шу агентлик.

Бугун Абдухолиқовнинг оила аъзоларидан иборат телеканал таъсисчилари уни телеканал Кузатув кенгашига раҳбар этиб тайинлади. Бу эса манфаатлар тўқнашувига оид янги саволларни уйғотади, чунки миллий сериаллар учун хусусий телеканалларга бюджетдан бериладиган миллиардлаб субсидияларнинг тақсимловчиси – айнан Кинематография агентлигидир.

Kun.uz мазкур воқеалар хроникасидаги асосий нуқталарни санаб ўтади.

Саида Мирзиёеванинг танқиди ва Амира Рашидованинг жавоби

14 январ куни “Севимли” телеканалида “Сабрия” сериалининг 32-қисми намойиш этилди. Ундаги саҳналардан бирида гиёҳванд йигит қизни тўшакда зўрлаб, у билан жинсий алоқа қилишга уринаётгани тасвирланади.

Эфирга кетган эпизод лавҳаси 17 январ куни ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. 18 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сериал бўйича экспертиза тайинлади.

19 январга келиб Масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сериални жиддий танқид остига олди. У нафақат беҳаё саҳна, балки сериалнинг бутун мазмуни ахлоқсизлик ва аёлларни ёмонотлиқ кўрсатишга йўғрилганини таъкидлади.

“Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ”, деган Мирзиёева “ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмагани”ни айтди. “Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган”, – деди у.

Шу куни “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова танқидларга жавоб бериб, сериалда “очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмагани”ни айтди.

“Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр”,деди Рашидова. У ахлоқсиз деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли эканини қўшимча қилган.

Амира Рашидова режиссёр Насиба Турсуновани ҳимоя қиларкан, бу сериал унинг илк иши бўлгани, телеканал у билан ҳамкорликни давом эттириши ва “ижодкорни синдиришларига қарши” эканини маълум қилди.

Абдухолиқовнинг аралашуви ва Алламжоновнинг реакцияси: “Уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?”

Фирдавс Абдухолиқов / Фото: "Ўзбеккино"

20 январ куни Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов “Сабрия” сериали атрофидаги муҳокамалар бўйича баёнот берди ва сериал “ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз” эканини таъкидлади.

Абдухолиқов ўз баёнотида билдирилаётган танқидий фикрларни “телеканал таъсисчилари ва ижодий жамоаси албатта инобатга олиши” кераклигини қайд этди.

Агентлик раҳбарининг бу баёнотидан кейин жамоатчилик каналнинг уч нафар таъсисчисидан икки нафари унинг ўз фарзандлари эканига эътибор қаратди.

“Шу масалани уйда келишиб олсангиз бўлмайдими?” деган Масс-медиа фонди раиси, “Milliy” телеканали таъсисчиси Комил Алламжонов манфаатлар тўқнашуви масаласини кўтарди.

“Sevimli” канали қизингиз ва ўғлингизга ҳам тегишли, сериалларнинг давлат маблағлари эвазига асосий буюртмачиси эса ўзингиз, кинолар сифатига ҳам асосий масъул ўзингиз бўлсангиз”,деди Алламжонов.

Комил Алламжонов / Фото: Kun.uz

“Sevimli” телеканали муассиси – “Master Media Production and Broadcast” МЧЖ. Унинг 20 фоиз улуши Рашидова Амира Фирдавсовна, 10 фоизи Абдухолиқов Абдулложон Фирдавсовичга тегишли. Компаниянинг 70 фоизига Шаропова Фируза Садридиновна эгалик қилади. Kun.uz'даги маълумотларга кўра, Фируза Шаропова – Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи.

Телеканал жойлашган манзил – Тошкент шаҳри Амир Темур шоҳкўчаси 53-уйда “Silk Road Media” МЧЖ ҳам жойлашган бўлиб, бу компаниянинг 100 фоизлик улуши Фирдавс Абдухолиқовга тегишли. “Silk Road Media”нинг раҳбари Абдувоҳид Хўжаев бугунгача “Sevimli” телеканалининг бош директори сифатида ҳам ишлаб келаётганди.

Юқоридаги манзилда, шунингдек, “Darakchi Inform Servis” МЧЖ ҳам жойлашган ва унинг ҳам ҳуқуқий эгалари – Амира Рашидова, Абдулложон Абдухолиқов ва Фируза Шаропова. Эслатиб ўтамиз, “Даракчи” газетасининг асосчиси Фирдавс Абдухолиқов ҳисобланади.

Ўзбекча Wikipedia'да Фирдавс Абдухолиқов “Sevimli” телеканалининг эгаси деб кўрсатилган. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу – фақатгина де-юре эскирган маълумот. Таъкидлаш керак, 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва 18 ёшга тўлмаган фарзандларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш йўлга қўйилмоқда. Бунда уларнинг 2022 йилгача топган даромадлари тафтиш қилинмаслиги белгиланган.

Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви

2021 йилда миллий сериаллар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга оид президент фармони қабул қилинган эди. Фармонга асосан, телеканалларга Кинематография агентлиги томонидан ҳар йили камида 12 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Субсидияларни миллий сериалларни суратга олаётган телеканаллар орасидан қайсиларига беришни аниқлаш ваколати Кинематография агентлигига берилган. Агентлик сериал лойиҳаларини қатор омиллар асосида баҳолаб, уни суратга олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб беради.

20 январ куни агентлик муҳокамаларга сабаб бўлган “Сабрия” ва “Дайди қизнинг дафтари” каби сериалларнинг буюртмачиси эмаслигини маълум қилди. Бироқ шуниси аниқки, агентлик томонидан берилган давлат буюртмалари асосида “Sevimli” телеканали камида учта сериал суратга олган ёки олмоқда. Булар –“Орзулар палатаси”, “Она замин” ва “Тузоқ” сериалларидир.

Мазкур ҳолатда давлат буюртмачиси ва хусусий ижрочиларнинг ўзаро яқин қариндош экани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганишлар ўтказишга асос бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, 20 январда Аксилкоррупция агентлиги эътибор қаратиши мумкин бўлган яна бир ҳолат рўй берди. Эндиликда Фирдавс Абдухолиқов ўзи давлат буюртмаларини бераётган “Sevimli”телеканали билан оила аъзолари орқали эмас, тўғридан тўғри ўзи боғланган шахсга айланди.

Гап шундаки, “Сабрия” сериали бўйича машмашалардан кейин “Sevimli” телеканалининг уч нафар таъсисчиси йиғилиш ўтказиб, бош директор Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиевни лавозимидан бўшатди; шу билан бирга, оилавий йиғилишда қатнашган Фирдавс Абдухолиқовни телеканал Кузатув кенгаши раиси этиб тайинлади.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддасига кўра, давлат харидларида аффилланганлик ҳолатлари аниқланса, харид иштирокчиси жараёндан четлатилиши лозим.

  • Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Сафоев “Sevimli” канали бош директори этиб тайинланди. ЎзЭОАВМА ҳам Фирдавс Абдухолиқовга бегона ташкилот эмас, у ҳозирда ассоциация бошқаруви раиси ҳисобланади.
Top