17:32 / 25.01.2022
18255

Иккита ҳудудда электр таъминоти тўлиқ тиклангани, вазият президент назоратида экани маълум қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди, дея хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Вазирлик соат 16:59да берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида электр энергияси таъминоти қисман тикланган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов вазиятни шахсан давлат раҳбари назорат қилиб турганини маълум қилди.

“Таъкидлаш керакки, вазият шахсан Президентимиз назорати остида. Ўзбекистон энергия тизимини барқарорлаштириш ҳамда электр таъминоти ва бошқа тармоқлар ишини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида деярли ҳар дақиқа давлатимиз раҳбарига ахборот бериб борилмоқда.

Шундай экан, барчангизни хотиржамликни сақлаш ва саросимага тушмасликка чақириб қоламиз. Ваҳимага ўрин йўқ”, – дея ёзди Шерзод Асадов Telegram-каналида.

Аввалроқ президент топшириғи билан ҳодиса сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган эди.

25 январь куни соат 11:00ларда Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида электр энергияси таъминоти узилди. Тошкент метрополитени фаолияти тўхтади, аэропортлар муайян вақтга ёпилди. “Ўзбекистон темир йўллари” айрим йўловчи поездларнинг ўз манзилларига етиб бориши кечикишидан огоҳлантирди.

Тошкентда светофорлар ишламай қолгани туфайли йўлларда тирбандликлар юзага келмоқда, Тошкент шаҳар ИИББ тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида зарурат бўлмаса кўчага шахсий машинада чиқмасликни тавсия қилган.

Мавзу
Ўзбекистонда блэкаут
25 январь куни Ўзбекистон бўйлаб свет ўчиб қолди. Бу барча соҳаларга жиддий таъсир қилди.
Барчаси
Top