13:38 / 31.01.2022
1593

Қорақалпоғистонда маст ҳолдаги 6 нафар фуқаро ИИБ ходимларини уриб, тан жароҳатлари етказишган

Фото: KUN.UZ

Нукус тумани ИИБ Навбатчилик қисмига соат тунги 01:00 ларда, туманнинг “Тўктаў” МФЙ ҳудудидаги кўчада маст ҳолдаги номаълум шахслар, аҳоли тинчлигини бузишаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Нукус тумани прокуратураси хабар берди.

Воқеа жойига туман ИИБ навбатчи гуруҳи аъзолари А.А. ва Д.Х. етиб боришган. Я.А.нинг тўйидан чиқиб, вақт алламаҳал бўлганига қарамай, уйларига бормасдан кўчада сархуш бўлиб юрган 6 нафар шахсга ўзларини таништириб, жамоат жойида юриш-туриш қоидаларига амал қилиш бўйича кўрсатма беришаётганида, маст ҳолдаги бу фуқаролар ИИБ ходимлари талабларига бўйсунмаган. Улар ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатишиб, ҳатто ички ишлар ходимларини уриб, тан жароҳатлари етказишган.

Мазкур ҳолат юзасидан дарҳол Нукус тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. 6 нафар муштумзўрлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган ва ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра жиноят иши судга оширилган.

Жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судида ушбу муштумзўр дўстларнинг айблари гувоҳларнинг кўрсатмалари, ўтказилган экспертиза хулосалари билан тасдиқланиб, улар Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш) билан айбдор деб топилган ва тегишли жазо чоралари тайинланган.

Бундан олдинроқ Қорақалпоғистонда ИИВ ходимига 20 млн сўм пора таклиф қилган шахс қўлга олинганди.

Top