Жондор туманида ўзаро футбол ўйнаган икки қишлоқ фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув содир этилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари ўтказилмоқда.
![](https://storage.kun.uz/source/8/0Nlhq8yeMRcS0PFZXt-o6y1UKbzI3g5d.jpg)
Фото: ИИБ ахборот хизмати
Ижтимоий тармоқларда Бухорода оммавий муштлашув бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бухоро вилоят ИИБ ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, воқеа 5 феврал куни Жондор туманида содир бўлган. Нурафшон маҳалласидаги стадионда Тобагар ва Чандир қишлоқлари фуқаролари ўзаро футбол ўйнаган. Ўйин вақтида жанжал юзага келган.
Ҳозирда фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш ҳамда уларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ҳамда Жондор тумани ИИБ ходимлари томонидан тезкор суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.